Жаҳон | 17:17 / 29.04.2023
7589
2 дақиқада ўқилади

Зеленский Киевга яна қурол етказиб беришга чақирди

Украина армиясининг Россия ракета ҳужумларига қарши самарали кураши қуролларнинг, жумладан, Украинага етказиб бериладиган қуролларнинг муҳим ролидан далолат беради, деди Украина президенти Володимир Зеленский кечки видеомурожаатида. 

Фото: Carlos Barria/REUTERS

28 апрел куни бир сутка давомида Украина ҳарбий-ҳаво кучлари Россиянинг 23 та ракетасидан 21 тасини уриб туширишга муваффақ бўлди, деди у. 

"Бу яна бир бор террорни тўхтатиш ва одамларни фақат қурол билан қутқариш мумкинлигини исботлайди. Ҳаво ҳужумидан мудофаа, замонавий авиация, уларсиз ҳаво ҳужумидан тўлиқ самарали мудофаа йўқ. Артиллерия, зирҳли техникалар. Шаҳарларимиз хавфсизлигини таъминлаш учун зарур бўлган ҳамма нарса. Бу, афсуски, ҳали ҳам босиб олинган ҳудудда қолаётган халқимиз хавфсизлигини таъминлаш мақсадида керакдир", – деди давлат раҳбари.

Россиялик ҳарбийлар 28 апрелга ўтар кечаси Украина бўйлаб навбатдаги ракета зарбалари сериясини амалга оширди. Днипропетровск, Черкасс ва Киев областлари, жумладан Киев шаҳрига зарбалар йўлланган. "Укрэнерго" хабар қилишича, зарбалар энергетика объектларига келмаган ва электр энергияси истеъмолида чекловлар киритилмайди. 

Украина қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужнийнинг маълум қилишича, Россия жами 23 та қанотли ракета учирган, шундан 21 таси уриб туширилган. Унинг маълумотига кўра, зарбалар Каспий денгизи акваториясидан туриб Ту-95 русумли бомбардимончилар орқали йўлланган.

Бундай ёппасига ҳужум сўнгги бор 9 март куни кузатилганди. Ўтган ой бошида Украина шаҳарлари Брянск областидаги диверсияга жавобан ўққа тутилганди. Ўшанда Залужний россиялик ҳарбийлар қуруқлик, денгиз ва ҳаводан жами 81 ракета учиргани ҳақида маълум қилганди.

Мавзуга оид