Испания: грандлар реабилитацияси

Ла Лига. 32-тур
Реал — Алмерия 4:2
Голлар: Бензема (5, 17, 42 пеналти), Родриго (47) — Лазаро (45+1), Робертоне (61).
Реал – Куртуа, Рюдигер, Милитао, Камавинга, Кроос (Начо, 72), Себалqос, Тчуамени, Васкес, Винисиус (Карвахал, 82), Родриго (Асенсио, 72), Бензема.
Альмерия – Фернандо, Мендес, Эли, Чуми, Акеме (Мелеро, 75), Пучмал (Эгуарас, 57), Портило, де ла Ос (Робертоне, 57), Саму Кошта (Сентелйес, 75), Лазаро, Рамазони (Суарес, 64).
Огоҳлантиришлар: Винисиус (37), Лазаро (66), Мендес (67), Камавинга (74).

«Реал» Жиронадаги фиаскодан кейин аламини «Алмерия»дан олди, қаторасига уч турда гол ура олмаган Бензема бу ўйиннинг биринчи бўлимидаёқ ҳет-трик расмийлаштирди. Француз ҳужумчиси биринчи ва иккинчи голларни Винисиус Жуниор ва Родригонинг қанотдан узатмалари эвазига урди, бўлим охирида эса Лукас Васкес ишлаган пеналтини аниқ ижро этди.

Шундай қилиб «Олтин тўп» соҳиби чемпионатдаги голлари сонини 236 тага етказиб, ла лига тўпурарлари рўйхатида тўртинчи ўринга кўтарилди. У Мадрид жамоасининг 80-йиллардаги афсонаси — мексикалик Уго Санчесни ортда қолдирди. Олдинда — Сарра (253), Криштиану Роналду (311) ва Месси (473). Бензема шу суръатда давом этса, «Атлетик»нинг ўтган аср ўрталаридаги юлдузини ортда қолдириши тайин. Карим Сарра билан орадаги фарқни шу ўйиндаёқ қисқартириши мумкин эди, аммо иккинчи бўлимда VAR аралашувидан кейин Бензема томонидан ҳужумда фол қайд этилиб, бош ҳакам белгилаган пеналти бекор қилинди, унинг сўнгги дақиқалардаги зарбаси эса дарвоза устунига тегди.

Бу ўйинда Винисиус ҳам алоҳида эътиборга лойиқ ўйин кўрсатди. Бир томондан, бразилиялик футболчи яна ҳиссиётларини тийиб тура олмади ва унга сариқ карточка кўрсатилди. Агар арбитр унинг сарказм билан йўллаган олқишини эътиборсиз қолдирмаганида, у майдондан четлатилиши ҳам мумкин эди. Аммо ҳакамлар юлдуз футболчиларни аяшади, Винининг мақомини эса унинг статистикаси ҳам тасдиқлайди: ушбу ёш бразилиялик қаторасига иккинчи йил барча турнирлар ҳисобга олинган ҳолда гол+пас тизимида 20 талик нуқтани забт этди (20 гол ва 20 голли узатма).

Барселона — Бетис 4:0
Голлар: Кристенсен (14), Левандовски (36), Рафиня (38), Родригес (82, автогол).