Ўзбекистон Марказий Осиёда (Қозоғистон ва Тожикистондан кейин) расман шундай ишчи гуруҳини тузган учинчи давлатга айланади, деб хабар қилди Gazeta.uz БМТ матбуот хизматига таяниб.
Ўзбекистонда олтин ва уран фаол қазиб олинмоқда, шу пайтгача мамлакат ҳудудининг атиги 20 фоизи ўрганилгани ҳисобга олинса, яқин йилларда тоғ-кон саноати ривожланиши кутилмоқда. Шахталар сони ва ҳажмининг кутилаётган ўсиши чиқиндилар кўпайишига олиб келиши мумкин, бу эса сувнинг ифлосланиши хавфини келтириб чиқаради.
Бугунги кунда Ўзбекистонда 41 та радиоактив ва бошқа зарарли чиқиндилар сақланадиган жой мавжуд бўлиб, улардан 10 таси трансчегаравий таъсир характерига эга. Бундан ташқари, БМТ Ўзбекистон дарёларнинг қуйи оқимида жойлашгани ва унга юқори оқимдаги мамлакатлардаги сув ифлосланиши таъсир қилиши мумкинлигини таъкидлади.
«Шунинг учун идоралараро ва трансчегаравий ҳамкорликни мустаҳкамлаш сувнинг фавқулодда ифлосланишининг олдини олиш ва авария оқибатларини юмшатиш учун муҳим ҳисобланади», — дея таъкидлади БМТ.
Йиғилиш иштирокчилари БМТ Европа иқтисодий комиссиясининг (БМТ ЕИК) чиқиндихоналар хавфсизлигини ошириш бўйича тавсияларини кўриб чиқди, шунингдек, Қозоғистон ва Тожикистонда идоралараро ишчи гуруҳларни ташкил этиш тажрибасини ўрганди.
БМТга кўра, Ўзбекистон ҳозирда ушбу конвенцияга аъзо бўлмаса-да, 2005 йилдан бери ушбу конвенция доирасидаги ёрдам ва ҳамкорлик дастуридан кўмак олмоқда. Шу билан бирга, Ўзбекистон 2007 йилдан бери сув бўйича конвенциянинг аъзоси ҳисобланади. Иккала конвенция ҳам мамлакатга сувнинг фавқулодда ифлосланишининг олдини олиш учун зарур ёрдамни тақдим этади.












