09:11 / 08.05.2023
14561

Туркия шарқида мухолифат митинги тошбўрон қилинди

Эрзурумда Истанбул ҳокими Имомўғли иштирок этган митингга уюштирилган ҳужумдан кейин 9 киши тан жароҳати олди. Туркияда 14 май куни президентлик сайловлари бўлиб ўтади, унда мухолифат Эрдўғанни лавозимидан четлатиши мумкин.

Фото: evrensal

Туркиянинг Эрзурум шаҳрида 7 май, якшанба куни номаълум шахсларнинг мухолифат митингига уюштирган ҳужуми оқибатида камида 9 киши тан жароҳати олди. Йиғилишда сўзга чиққан Истанбул ҳокими Экрем Имомўғли мухолифат ва митинг иштирокчиларига тош отилганини, натижада партия автобусига зарар етганини айтди.

Экрем Имомўғли воқеа учун Эрзурум аҳолисини масъул деб ҳисобламаслигини, бироқ ҳаракатсизлик ва ҳужумнинг олдини олмагани учун шаҳар ва шу номдаги вилоят ҳокимини судга бермоқчи эканлигини таъкидлади. У касалхонага жабрланганларни кўриш учун бормоқчи.

Бу 14 май куни бўлиб ўтадиган президентлик сайлови олдидан ўта қизғин сайлов кампаниясидаги биринчи жиддий зўравонлик ҳодисасидир. Истанбулнинг машҳур мэри Экрем Имомўғли ягона номзод – Республика Халқ партияси етакчиси Камол Қиличдорўғлини кўрсатган мухолифатдаги "Халқ алянси" вакили.

Унинг рақиби, Туркиянинг амалдаги президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ўша куни Истанбулда, расмий маълумотларга кўра, 1,7 миллион иштирокчи йиғилган митингда нутқ сўзлади. Унда давлат раҳбари Камол Қиличдорўғлини “пиёниста” деб атаган ва уни “террорчилар” билан ҳамкорликда айблаган.

Мавзу
Туркия-2023
14 май куни Туркияда президентлик сайловлари бўлиб ўтади. Асосий кураш мамлакатни 20 йилдан буён бошқариб келаётган Ражаб Эрдўған ва мухолифатчилар номзоди Камол Қиличдорўғли ўртасида кечади.
Барчаси
Мавзуга оид
Top