Жаҳон | 11:42 / 10.05.2023
3661
2 дақиқада ўқилади

ЕИ парламенти Украина билан савдони либераллаштиришни маъқуллади

Европарламент депутатлари Европа Иттифоқи ва Украина ўртасида амалдаги божсиз режим яна бир йил давом этишини қўллаб-қувватлади.

Фото: AP

9 май, сешанба куни Страсбургда Европарламент Европа Иттифоқининг Украина маҳсулотларига импорт божларини 6 июндан бошлаб яна бир йилга вақтинчалик бекор қилишни маъқуллади. Украина билан божсиз режимнинг давом этиши учун 537 депутат овоз берди, 42 нафари қарши чиқди, 38 нафари бетараф қолди. Энди бу қарор Европа Иттифоқи Кенгаши томонидан тасдиқланиши керак.

2022 йилда уруш даврида Украина иқтисодиётини қўллаб-қувватлаш учун Европа Иттифоқи барча Украина товарларини импорт қилишдаги савдо тўсиқларини олиб ташлади. Соддалаштирилган савдо режими бир йил муддатга жорий этилди, бу муддат 5 июнда тугайди.

Шу билан бирга, май ойининг бошидан бери Европа Иттифоқининг бешта давлатида - Болгария, Венгрия, Полша, Руминия ва Словакияда Украинадан тўртта қишлоқ хўжалиги маҳсулоти - буғдой, маккажўхори, рапс ва кунгабоқар уруғларини импорт қилиш бўйича фавқулодда вақтинчалик чоралар кўрилмоқда. Бу бозорларнинг Украина қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан тўлиб кетгани туфайли жорий қилиняпти.

Ушбу мамлакатларга товарларни олиб кириш 2023 йил 5 июнгача тақиқланган, аммо Европа Комиссияси 5 июндан кейин қўшимча чекловларга тайёр, чунки истисно вазият сақланиб қолади. Брюссел бу борада шундай баёнот берди: "Бу чоралар истисно ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда зарур. Европа Иттифоқига аъзо бешта давлат дуч келадиган жиддий логистика муаммолари ҳам назарда тутилган".

Бу давлатлар орқали Украина товарларининг транзити давом этиши мумкин.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид