BBC мухбири Жонатан Бил фронт шаҳарда бўлиб репортаж тайёрлади.
Шаҳар чеккасидаги бункерда Украинанинг 77-бригадаси ҳарбийлари артиллерия зарбалари учун мўлжал олмоқда. Артиллерия шаҳарнинг ғарбий қисмидаги сўнгги мудофаа линиясида турган пиёдаларни қўллаб-қувватлайди.
Украин армияси ҳамон Бахмутнинг бир қанча кўчаларини ушлаб турибди.
Шу билан бирга шаҳар устида учиб юрган дронлар орқали олинган видеолар ва шаҳар ташқарисида турган артиллериячиларнинг тайёрлигидан кўриш мумкинки, Россия охир-оқибат шаҳардаги қолган кўчаларни эгаллаган тақдирда ҳам бу улар учун Пирр ғалабасига (милоддан аввалги IV-III асрларда Эпир ва Македония шоҳи, римликлар билан навбатдаги жангдан кейин у улкан йўқотишларни назарда тутиб шундай деганди: «Яна бир марта шундай ғалаба қозонсам, ёнимда ҳеч ким қолмайди») айланади.
Ғолиб фақат вайронага айланган, кимсасиз қолган, бирорта бутун бино қолмаган шаҳарга эга бўлади.
Украина шарқидаги унчалик катта бўлмаган Бахмут шаҳри учун жанг бу урушнинг энг узоқ давом этган ва энг қонли жанги бўлмоқда. Ғарб мамлакатлари баҳоларига кўра, Россия бу ерда ҳалок бўлганлар ва яраланганлар қўшиб ҳисобланганда 30 минггача одамидан айрилган. Украина армияси ҳам бу шаҳар мудофааси қимматга тушмоқда - ва икки томон ҳам йўқотишлар беришда давом этмоқда: жанг ҳали якунланмади.
Шаҳар узра ҳосил бўлган тутун булутини тўпларнинг тинимсиз зарбалари тарқатади. Россия бир неча ойдан буён Бахмутни штурм қилмоқда ва у аллақачон украинларнинг ўз ерининг ҳар метри учун курашишга бўлган қатъияти рамзига айланган.
Шу билан бир вақтда Бахмут тажрибаси Украина учун қарши ҳужумга ўтиш қанчалик қийин вазифа бўлишини эслатиб турибди.

77-бригада бункерида шундай буйруқ янграйди: бинолардан бирига артиллерия зарбаси бериш. Бир неча сония ўтиб харобалар устида тутун булути кўтарилади. Унинг ортидан икки киши пайдо бўлиб, кўча бўйлаб судралишади. Улардан бири, афтидан, ярадор эди.




















