Пашинян ва Алиев Брюсселдаги музокараларда муваффақиятга эришди
Озарбойжон президенти Илҳом Алиев ва Арманистон бош вазири Никол Пашинян Брюсселда музокара ўтказди. Европа Кенгаши раҳбари Шарл Мишелнинг сўзларига кўра, икки етакчи можарони ҳал қилиш йўлида муваффақиятга эришган.
Озарбойжон президенти Илҳом Алиев ва Арманистон бош вазири Никол Пашинян 14 май, якшанба куни Европа Иттифоқи таклифига биноан Брюсселда музокара ўтказди. Европа Кенгаши раиси Шарл Мишел матбуот учун учрашув натижаларини шарҳлар экан, икки давлат раҳбари Арманистон-Озарбойжон можаросини ҳал қилишнинг бир қанча муҳим жиҳатлари бўйича муваффақиятга эришганини билдирди. Пашинян ва Алиевнинг ўзлари Брюсселдаги музокаралар натижасига ҳозирча изоҳ беришмаган.
Мишелнинг сўзларига кўра, иккала сиёсатчи ҳам “1991 йилдаги Олмаота декларациясига сўзсиз содиқликларини” ҳамда СССР парчаланиши чоғида Арманистон ва Озарбойжоннинг ўз чегараларидаги ҳудудий яхлитлигини тасдиқлаган. Бошқача айтганда, гап асосан этник арманлар истиқомат қиладиган Тоғли Қорабоғнинг Озарбойжон ҳудуди сифатида тан олиниши ҳақида кетмоқда. Чегараларнинг якуний демаркацияси ва демилитаризацияси томонлар ўртасидаги музокаралар мавзуси бўлади, деди Европа кенгаши раҳбари.
Муваффақиятга эришилган яна бир масала, Шарл Мишелга кўра, “минтақадаги транспорт ва иқтисодий алоқаларни блокдан чиқариш” бўлди. Хусусан, гап Озарбойжоннинг асосий ҳудуди ва унинг эксклави – Нахичеван Мухтор Республикаси ўртасидаги транспорт йўлаги ҳақида бормоқда. Боку бундай йўлакни Арманистон ҳудуди орқали ўтказмоқчи. Шу билан бирга, Ереван у мамлакат жанубини қолган қисмидан узиб қўйиши, бундан ташқари, Арманистонни Эронга тўғридан тўғри йўлдан маҳрум қилишидан қўрқади.
Шарл Мишелнинг сўзларига кўра, асирларни ўзаро озод қилиш бўйича “яқин ҳафталар ичида” бўлиб ўтиши керак бўлган музокараларда ҳам муваффақиятга эришилди. “Биз бедарак йўқолганлар тақдирига ойдинлик киритиш ва миналардан тозалаш ишларини фаоллаштириш муҳимлигини ҳам муҳокама қилдик”, — дея қўшимча қилди европалик расмий.
Мавзуга оид
21:54 / 15.10.2024
Бокуда Қорабоғни қайта тиклашга қаратилган халқаро кўргазма очилди
00:12 / 13.09.2024
Лукашенко Қорабоғ атрофидаги воқеаларда Арманистон раҳбариятини айблади
00:10 / 10.09.2024
Арманистон Европа Иттифоқи билан визасиз режим бўйича музокараларни бошлади
18:55 / 30.08.2024