Унинг сўзларига кўра, Олмаота декларацияси асосида чегарани делимитация ва демаркация қилиш натижасида Арманистоннинг майдони 29 743 км² га тенг бўлиши керак.

Пашиняннинг фикрича, чегаранинг ҳар икки томонида ҳам анклав ва эксклавлар қолмаслиги керак — бунинг учун икки давлат «тенгма-тенг нисбатда ҳудудлар алмашиши» лозим. Шунингдек, у барча йўллар ва коммуникацияларни очиш тарафдори эканини билдирди. Гап, жумладан, Озарбойжон ҳудуди орқали Арманистондан Арманистонга ва Арманистон ҳудуди орқали Озарбойжондан Озарбойжонга транзит қатновини йўлга қўйиш ҳақида бормоқда.

Бош вазир яна бир шарт сифатида Ереван ва Боку бир-бирига нисбатан ҳар қандай даъволардан бутунлай воз кечишини айтди. Улар қаторида у ҳам «Қорабоғ, Гардман, Ширвон, Нахичеван» мантиғини, ҳам «Ғарбий Озарбойжон» мантиғини тилга олди.

Пашинян тинчликни айнан мана шундай кўринишга келтириш қанчалик ҳақиқатга яқин, деган масалани энг муҳими деб атади. Унинг сўзларига кўра, Туркманистонда Озарбойжон президенти Илҳом Алиев билан мулоқотлардан сўнг, унда бундай имконият мавжудлиги ҳақида дастлабки таассурот пайдо бўлган. Бош вазир шундай деди:

«Яқин вақт ичида биз ушбу имкониятни рўёбга чиқариш ва уни ҳақиқатга айлантириш билан шуғулланамиз».

Томонлар чегаранинг биринчи қисмини 2024 йил апрель ойида дастлабки тарзда келишиб олган, 2025 йил августида эса икки давлат Ташқи ишлар вазирликлари тинчлик шартномаси лойиҳасини эълон қилган эди. Унга кўра, Ереван ва Боку Олмаота келишувларига мувофиқ бир-бирининг чегараларини ҳурмат қилиш мажбуриятини олади.

Пашинян сўзларига Озарбойжон расмийлари ҳали муносабат билдирмади.