Мудофаа вазирлигининг расмий версиясига кўра, улар олдинги чизиқда ўз бўлинмалари билан Украина қуролли кучларининг давомли ҳужумларини қайтариш чоғида ҳалок бўлишган.

«4-мотоўқчилар бригадаси командири, олдинги чизиқда бўлган полковник Вячеслав Макаров шахсан жангга бошчилик қилган. Рақибнинг икки ҳужуми қайтарилган. Бригада ҳарбий хизматчилари Украина қуролли кучларининг учта танки, тўртта БМП ва иккита зирҳли автомобилини йўқ қилишган. Учинчи ҳужумни қайтариш вақтида бригада командири оғир яраланган ва жанг майдонидан эвакуация қилиш чоғида ҳалок бўлган», – дейилади РФ мудофаа вазирлиги сайтидаги хабарда.

Ҳалок бўлган иккинчи полковник Евгений Бровко армия корпуси командирининг ҳарбий-сиёсий масалалар бўйича ўринбосари бўлгани ва «бошқа участкада рақиб ҳужумини қайтариш» бўйича жангларга раҳбарлик қилгани, «снаряд парчаларидан кўп сонли жароҳатлар олиб қаҳрамонларча ҳалок бўлгани» айтилган.

Қисқача берилган расмий маълумотда зобитлар ўлим топган жой ҳақида ҳам маълумот бор – Бахмут шаҳар обшчинаси ерларига кирувчи ва 2016 йилга қадар Красное деб аталган Ивановское қишлоғи. Россия мудофаа вазирлиги баёнотларида Украина ҳукумати номларини янгилаган аҳоли яшаш манзилларининг советча номлари ишлатилади. Масалан, Москва Бахмутни Артемовск деб атайди.

Ивановское Бахмутда жанг олиб бораётган «Вагнер» ХҲК отрядларининг чап қанотида жойлашган. Сўнгги кунларда Украина қуролли кучлари мазкур ҳудудда фаолликни оширганди.

Макаров командири бўлган 4-мотоўқчилар бригадаси 2014 йилда ўзини ўзи эълон қилган «ЛХР»да ташкил топган қуролли тузилмалардан бири эди. Бу тузилма «ЛХР» 2-корпуси таркибида бўлган ва 2022 йил 31 декабрида бошқа тузилмалар қаторида расман Россия қуролли кучларига қўшиб юборилганди.

Шу туфайли Россия томони энди уни Россия армиясининг бир қисми деб атамоқда, аммо бошқа томондан бундай ҳарбий тузилмалар ҳамон қуроллантирилиши ва таркиби бўйича Россия армиясидан фарқ қилади.

Чекиниш

РФ мудофаа вазирлигига кўра, Украина қуролли кучларининг Ивановское (Красное) қишлоғи ҳудудидаги барча ҳужумлари қайтарилган ва Украина кучлари йўқотишларга учраган.

Шу билан бир вақтда, «Вагнер» ХҲК раҳбари Евгений Пригожинга алоқадор телеграм-каналларнинг ёзишича, «муваффақиятли мудофаа» аслида ҳақиқий қочиш бўлган.