Жаҳон | 10:24 / 17.05.2023
8498
2 дақиқада ўқилади

CNN: Киевдаги Patriot тизимига зарар етган, аммо у йўқ қилинмаган

Россиянинг 16 майга ўтар кечаси Киевга берган зарбаси натижасида Американинг Patriot зенит-ракета тизими, афтидан, зарар кўрган, аммо Россия Мудофаа вазирлигининг таъкидлашига қарамай, у йўқ қилинмаган. Бу ҳақда Американинг CNN телеканали исми ошкор этилмаган амалдорга асосланиб хабар берди. 

Фото: CNN

"Қўшма Штатлар ҳалигача етказилган зарарни баҳоламоқда. Бу тизимни АҚШга қайтариш керакми ёки украиналиклар уни жойида тузатадими, шулар аниқланяпти", дейилади хабарда. 

Аввалроқ Россия Мудофаа вазирлиги Киевдаги Patriot "Кинжал" гипертовушли ракетаси томонидан берилган “юқори аниқликдаги зарба” натижасида йўқ қилинганини маълум қилганди. 

Бунгача Украина Қуролли кучлари Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари кечаси Киевга отилган барча 18 та ракетани, шу жумладан олтита "Кинжал"ни уриб туширгани ҳақида хабар берган эди.

Украина 4 майга ўтар кечаси Украина Қуролли кучлари Киев вилоятига ҳужум чоғида Россия қўшинлари томонидан учирилган "Кинжал" гипертовушли ракетасини уриб туширганини расман эълон қилганди. 

Украина Қуролли кучлари Ҳарбий-ҳаво кучлари қўмондони генерал-лейтенант Николай Олешчукнинг сўзларига кўра, ракета Американинг Patriot ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ёрдамида йўқ қилинган. 

Мавзуга оид