Россия қўшинлари 26 октябр кечқурун Киевга баллистик ракеталар билан зарба берган. Украина Ҳаво кучлари маълумотига кўра, ракеталар Брянскдан учирилган.

Киев мэри Виталий Кличко маҳаллий вақт билан соат 23:00 атрофида камида бир киши ҳалок бўлгани ва 10 киши жабрланганини маълум қилган. Унинг сўзларига кўра, тўққиз нафар ярадор шифохонага ётқизилган, улардан уч нафарининг аҳволи оғир.

Зарбалар пойтахтнинг Деснян ва Днипро туманларига тўғри келган. Деснян туманида метро станцияларидан бири ва университет ётоқхонаси яқинига зарба тушган.

Днипро туманида эса нотурар бинолар жойлашган ҳудуддаги бино нишонга тушган. Шу тумандаги тиббиёт муассасаларидан бирининг икки бўлимида деразалар синган. Кличконинг маълум қилишича, беморлар ва тиббиёт ходимлари жабрланмаган.

Киев шаҳар ҳарбий маъмурияти Деснян туманида тураржой биноси ҳам шикастланганини билдирган. Дастлабки маълумотларга кўра, унинг ичида одамлар чиқолмай қолган бўлиши мумкин.

DW хабари эълон қилинган пайтда ҳужумлар, жумладан, реактив дронлар ёрдамида ҳам давом этаётган эди. Зарбаларнинг бошқа оқибатлари аниқлаштирилмоқда.

Бундан бир неча соат аввал Россия қўшинлари Харкивга ҳам ҳужум қилган. Шаҳар мэри Игор Тереховнинг маълум қилишича, Новобавар туманида икки киши ҳалок бўлган, тўрт киши яраланган.

Харкивда кўп қаватли ва хусусий уйлар, шунингдек, автомобилларга зарар етган.