10 ноябр, сешанба куни Абу-Дабида бўлиб ўтган Украина, Россия ва АҚШ ўртасидаги музокараларнинг биринчи кунида Киев ва Москва вакиллари ҳарбий асирларни «1000 га 1000» ёки «1500 га 1500» формуласи асосида алмаштириш масаласини муҳокама қилди.

Бу ҳақда Украина президенти Володимир Зеленский матбуот анжуманида маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, Америка делегацияси мазкур масала билан Россияга йўл олади.

«Иккинчи масала ҳудудларга тааллуқли бўлди. Уни Россия томони кўтарди. Бу давлат раҳбарлари даражасида ҳал қилинадиган масала ва музокарачиларимизда бундай ваколат бор», — деди Украина президенти.

Зеленский Европа мамлакатлари вакилларининг музокараларда иштирок этиши ҳам катта аҳамиятга эга бўлганини таъкидлади.

Европа давлатлари вакиллари НАТО делегатлари сингари Абу-Дабида бўлган, бироқ бевосита музокаралар столи атрофида ўтирмаган.

«Биз Европа Иттифоқи, АҚШ ва Украинанинг ягона позицияга эга бўлишини истаймиз», — дея Зеленскийнинг сўзларини келтиради dpa агентлиги.

Украина президенти бу йўналишдаги ишлар давом этаётганини қўшимча қилди.

Зеленский: Путин бошқа воқеликда яшаяпти

Зеленский музокараларда иштирок этаётган Украина делегациясининг ҳисоботига таяниб, Россия томони жанг майдонидаги ҳақиқий вазият ҳақида нотўғри тасаввурга эга эканини маълум қилди.

«Россияликлар биз амалда назорат қилаётган Донбасс ҳудудининг ярмини ўзлари эгаллаб олган, деб ўйлашяпти. Улар бу ҳақда ҳақиқатан ҳам гапиришди. Россия делегацияси таркибида ҳарбийлар ва разведка вакиллари ҳам бор эди. Улар бу масалани ўта жиддий тарзда муҳокама қилишди», — дея Зеленскийнинг сўзларини келтиради Украина матбуоти.

Украина президентининг таъкидлашича, Владимир Путинга жанг майдонидаги вазият ҳақида ҳақиқатга мос келмайдиган маълумотлар етказилмоқда.

«Путин бошқача ахборот муҳитида яшаяпти. Бу — бузиб кўрсатилган воқелик. Албатта, у америкаликларга ҳам шу маълумотларни етказмоқда: “Менга бир, икки ёки уч ой керак, шунда биз Украинанинг шарқий қисмини тўлиқ эгаллаймиз. Мен сизларга бу манзарани ҳам тасвирлаб бера оламан — ҳудуд тўлиқ оккупация қилинади”. Аммо бу ёлғон. Бу ҳақиқатга тўғри келмайди», — дея таъкидлади Зеленский.