Украина разведкаси бош бошқармаси (УРББ) кўплаб рус тарғиботчиларини «жазолашга» муваффақ бўлди. Бу ҳақда бошқарма бошлиғи Кирилл Буданов «Разные люди» лойиҳасига берган интервьюсида маълум қилди. Шунингдек, у «Вагнер» раҳбари Евгений Пригожин ҳақиқатни гапираётганини, Александр Лукашенко эса россияликларни Беларус ҳудудидан ҳужум қилишига қарши курашаётганини айтди.
«Улар кимнинг нишонлари?»
«Разные люди» лойиҳаси раҳбари Валерий Савчук Кирилл Будановдан россиялик медиа шахсларга уюштирилган суиқасдлар ҳақида сўради. «Соловёв, Дугин, Симонян - улар кимнинг нишони?» деди у.
«Уларнинг кўпчилигини аллақачон «жазоладик». Шундай ҳолатлар борки, дарҳол оммага аён бўлмоқда. Уларнинг кўпчилигини «жазолаганмиз»...» деди Буданов.
УРББ раҳбари ўз ходимларининг ёзувчи, «ЛХР» қуролли тузилмаларининг фаол тарафдори Захар Прилепиннинг ҳаётига суиқасд қилинишига алоқаси борлигига аниқлик киритмади.
«Агар сиз шахслар ҳақида сўрасангиз, мен ҳар қандай жаҳон разведкаси каби анъанавий тарзда жавоб беришим керак: биз бу ҳолатга изоҳ бера олмаймиз, маълумотни тасдиқламаймиз, инкор ҳам қилмаймиз», деди Буданов.
2022 йил 20 август куни Москва вилоятида файласуф ва «рус дунёси» мафкурачиси Александр Дугиннинг қизи Даря Дугинанинг машинаси портлаб кетди. Кейинчалик, Кирилл Буданов Даря Дугинанинг ўлдирилишига алоқадорлиги ҳақидаги саволга жавоб берар экан, ўзининг ходимлари Украинанинг тўлиқ ғалабасига қадар дунёнинг исталган нуқтасида русларни ўлдирганини ва ўлдиришга тайёрлигини айтди. АҚШ Давлат департаменти бу баёнотни танқид қилди.
2023 йил 2 апрелида тарғиботчи Владлен Татарский Санкт-Петербургдаги кафеда ҳалок бўлди. Унинг қўлида Даря Трепова совға қилган ҳайкалча портлаб кетди.
2023 йил 6 май куни Нижний Новгород вилоятида Захар Прилепиннинг машинаси портлаб кетди. Дастлабки маълумотларга кўра, номаълум шахс «Рус дунёси»нинг фаол тарафдори автомобили ҳаракатланадиган йўналишга мина ўрнатган. Прилепин жароҳат олди, унинг ҳайдовчиси вафот этди. Қотилликда гумон қилиниб, Нижний Новгород шаҳрида яшовчи Александр Пермяков ва яна бир эркак қўлга олинди. Пермяков гўёки Украина махсус хизматлари кўрсатмаси бўйича ишлагани, йўлга бомба ўрнатгани ва уни масофадан туриб портлатганини тан олди.
Украина расмийлари суиқасдда россиялик партизанлар иштирок этганини бир неча бор таъкидлади. Аммо Кирилл Буданов ўз интервьюсида Россияда бирлашган партизан ташкилоти йўқлигини айтди.
















