Мадинага ҳужум қилингани айтилмоқда
Саудия Арабистони бошчилигидаги коалиция ҳусийлар бир неча кун олдин Мадинадаги электр тақсимлаш станциясига ҳужум қилганини маълум қилди. Бу иншоот Ислом динининг энг муқаддас қадамжоларидан бири «Масжидун Набавий»ни электр энергияси билан таъминлаб келади. Коалициянинг таъкидлашича, ҳужум битта трансформаторни ишдан чиқарган, аммо электр тармоғига таъсир қилмаган.
Саудия бошчилигидаги коалиция – дрон қолдиқларини текшириш натижасида сешанба кунги ҳужумни амалга оширишда ҳусийларнинг алоқадорлиги тасдиқланганини билдирди.
Аммо ҳусийлар бундай ҳужум уюштиргани ҳақидаги даъволарни рад этди. «Саудия Арабистони — ҳусийлар муқаддас Маккани нишонга олгани ҳақидаги аввалги айбловини асослай олмаганини яшириш учун ўйлаб топилган навбатдаги ёлғондир», дейилади ҳусийларга қарашли агентлик тарқатган раддияда.
Саудия икки ҳафта олдин Макка жанубида, шаҳар устидаги тақиқланган ҳаво ҳудудига кирмасидан аввал ҳусийларнинг дрони уриб туширилганини айтганди.
Кейинроқ ҳусийлар Яман пойтахти Сано ва бошқа ҳудудларга Саудия томонидан зарбалар берилганини хабар қилди.
Халқаро миқёсда тан олинган Яман ҳукуматига кўра, коалиция кучлари пойтахт Санодаги «юқори аҳамиятли нишонлар»га ҳужум қилган, бироқ бу борада қўшимча тафсилотлар келтирилмади.
Путиндан ядровий таҳдид
Агар Россия ўзининг Болтиқбўйидаги анклави — Калининградни тўғридан тўғри ҳужумга учради, деб ҳисобласа, ихтиёридаги барча қуроллардан фойдаланади. Бу ҳақда Валдай ташқи сиёсат форумидаги чиқишида президент Владимир Путин баёнот берди.
«Агар гап Россия Федерациясига тўғридан тўғри ҳужум қилиш ҳақида кетса, бу ҳолда биз Калининград ва бошқа ҳудудлар ҳақида ҳам гапиряпмиз... Албатта, мамлакатимиз ихтиёридаги барча қуроллардан фойдаланиш масаласи муқаррар ва зудлик билан кун тартибига чиқади», деди у.
Путин NATO'ни Болтиқ денгизида Калининград учун жиддий хавф туғдирадиган ҳарбий-денгиз манёврларини ўтказишда айблади. Агар ҳудуд Ғарб қамалига тушиб қолса, Россия ядровий қуролдан ҳам фойдаланишга тайёр бўлишини таъкидлади.
«Биз ҳеч кимга таҳдид солмаяпмиз. Биз 2029, 2030 ёки 2050 йилларда ҳеч кимга ҳужум қилиш ниятида эмасмиз. Аммо агрессияга дуч келсак, жавоб қайтаришга мажбур бўламиз. Европа мамлакатлари фуқаролари буни тўлиқ англаб етишлари керак». У Буюк Британия ва Франция каби давлатларнинг ядровий имкониятларидан хабардор бўлса-да, Россия ихтиёридаги қуроллар тенгсиз эканини қўшимча қилди.







