Амалдаги қонунчиликка кўра, дори воситаларининг чегараланган нархлари бор. Яъни дори воситаларини Ўзбекистонга импорт қилиш ёки ишлаб чиқаришда Фармагентликдан рўйхатдан ўтказилганда шу дори воситасининг белгиланган (базавий) нархи шаклланади. Қонунчилик талабига кўра, улгуржи сотувчи воситачилар сонидан қатъи назар [дори устига] 15 фоизгача устама қўйиши мумкин, чакана сотувчи эса 20 фоизгача. Яъни дори воситаларининг нархи шаклланиши бошланғич нархига нисбатан 35 фоиз белгиланади, шундан ортиқ сотиш ҳуқуқбузарлик ҳисобланади.

Рақобат қўмитаси дорихоначи тадбиркорларга нисбатан дори нархини ошириб сотганлик учун жазоловчи воситани ишга туширди. 1 майдан ишга тушган “Fair Tech” тизими орқали ортиқча ундирилган пул истеъмолчиларга қайтариб берилади. Бунинг учун, дорихонадан дори сотиб олганда харид чекини “Soliq” мобил иловасига сканер қилиш керак. Агар дори базадаги нархдан қиммат сотилгани аниқланса, Рақобат қўмитасига автоматик ариза юборилади. Дорихонага нисбатан савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузганлик учун маъмурий жарима жазоси қўлланади; ортиқча ундирилган пул дорихонадан истеъмолчи фойдасига ундирилади.

Дорихоначи тадбиркорлар нимадан норози?

Рақобат қўмитаси “Fair Tech” тизимини ишга туширганидан кейин дорихоначи тадбиркорлар тинимсиз ҳуқуқий жавобгарликка тортилаётгани айтиляпти. Kun.uz'га бу борада бир гуруҳ тадбиркорлар мурожаат қилди. Улардан бирининг сўзларига кўра, 10 кун ичида унинг ўнга яқин дорихоналарига нисбатан 5000га яқин ҳуқуқбузарлик қайд этилган.

Таҳририятга дорихоначилар дориларнинг референт нархлари Фармацевтика агентлиги томонидан нотўғри шакллантирилганини айтишяпти.

“Ўзи референт нарх нима? Дейлик, 2020 йилда шартли бирор дори Ўзбекистон чегарасига кираётганда 100 сўмга баҳоланган. Улгуржи корхона буни 115 сўмга (қонунчиликка мувофиқ, 15 фоиз устама билан) сотишга ҳуқуқи бор, дорихона эса 135 сўмгача нархда (20 фоиз устама) сота олади. Дорихона улгуржи сотувчи устига қўйган 15 фоиз билан олади, унинг устига ўзининг 20 фоизгача устамасини қўя олади. Бу дорининг 2020 йилдаги референт – тақалган нархи ҳисобланади.

2023 йилда эса бу дорига ишлатиладиган хомашёда ўзгариш бўлди. Европа ишлаб чиқарувчиси дорининг қайсидир хомашёсини Россиядан оларди. Энди Россия-Украина уруши туфайли, Россияга санкция қўлланди ва Европа ишлаб чиқарувчиси бу хомашёни Бразилиядан олиб келиши керак бўлади. Бразилиядан олиб келишгандан кейин бу дорининг нархи ошади, яъни 100 сўмга кириб келган дори энди 110 сўмга киришни бошлади. Улгуржи сотувчи бу дорини 130 сўм, дорихона эса 150 сўм сотиши керак. Бу биринчи омил.