Жаҳон | 12:10 / 24.05.2023
9149
2 дақиқада ўқилади

Германия Украинага янги ҳарбий ёрдам пакетини топширди

Германия Украинага янги ҳарбий ёрдам пакетини тақдим этди, бу ҳақда сешанба куни ГФР ҳукуматининг тегишли веб-сайтида маълумот эълон қилинди. 

Фото: TRML-4D

Пакетга қуйидагилар киради: TRML-4D кўп функцияли ўрта масофали радиолокация станцияси, иккита Biber кўприк ётқизиш машинаси, учта миналардан тозалаш мобил тизими, 54 та Vector разведка дронлари, саккизта дронларга қарши тизим ва битта электрон разведка тизими. 

Бундан ташқари, рўйхатга автомобил техникалари киритилган: олтита чегара автомобили, иккита 8х6 оғир юк машинаси, бешта ярим тиркамали юк машинаси, 34 та пикап ва саккизта Zetros юк автомобили.

АҚШ президенти Жо Байден 21 май куни Украина етакчиси Володимир Зеленский билан учрашувда Украинага 375 миллион долларлик янги қурол-яроғ етказиб берилишини эълон қилди. Тўпламга “ўқ-дорилар, артиллерия ва зирҳли техникалар” киради, деди Байден Хирошимадаги G7 саммити чоғида.

Пентагон веб-сайтида хабар қилинишича, янги етказиб беришга HIMARS (High Mobility Artillery Rocket System) ялпи ўт очиш реактив тизимлари учун қўшимча ўқ-дорилар, 155 мм ва 105 мм артиллерия снарядлари, TOW танкка қарши ракета тизимлари учун ўқ-дорилар, Javelin ва AT-4 кўчма ракета комплекслари, зирҳли тиббий машиналар, кўприк тизимлари, оғир техникани олиб ўтиш юк машиналари, тепловизорлар, эҳтиёт қисмлари ва дала ускуналари киради.

Қурол-яроғ Украинага АҚШ Мудофаа вазирлигининг ўз захираларидан ўтказилади. "Қўшма Штатлар иттифоқчилари ва ҳамкорлари билан Украинага жанг майдонидаги эҳтиёжларини ҳамда хавфсизлик бўйича узоқ муддатли эҳтиёжларини қондириш учун ишлашда давом этади", дея таъкидлаб ўтди АҚШ мудофаа идораси.

Мавзуга оид