Жаҳон | 10:46 / 26.05.2023
5286
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Малидаги «Вагнер» ХҲК раҳбарига қарши санкциялар киритди

Қўшма Штатлар Иван Масловга қарши «Вагнер» ХҲК томонидан Украинадаги уруш учун Мали орқали миналар, дронлар ва радарлар сотиб олишга уринишлари туфайли санкциялар киритди.

Фото: Reuters

Қўшма Штатлар Малидаги «Вагнер» ХҲК ёлланма аскарлари бошлиғи россиялик Иван Масловга Украина билан уруш учун Россияга ноқонуний қурол олиб кирганлик бўйича санкциялар киритди. «Вагнер гуруҳи» хорижий етказиб берувчилардан қурол тизимларини сотиб олишга ва бу қуролларни учинчи томон сифатида Мали орқали жўнатишга уринганига оид аломатлар бор», — дейилади 25 май, пайшанба куни АҚШ Молия вазирлиги баёнотида. 

Бунга Украинага қарши урушда фойдаланиш учун Мали орқали миналар, дронлар, радарлар ва қарши батарея тизимларини сотиб олишга уринишлар киради, дейилади ҳужжатда. Вашингтонга кўра, ёлланма жангарилар транзитни амалга ошириш учун қалбаки ҳужжатлардан фойдаланишни режалаштирган. 

АҚШ Молия вазирлиги маълумотларига кўра, Маслов Мали расмийлари билан россиялик ёлланма аскарларнинг мамлакатдаги иштирокини кенгайтириш учун яқиндан ҳамкорлик қилган. Бундан ташқари, у «Вагнер» ХҲК эгаси Евгений Пригожиннинг бир қатор Африка мамлакатлари вакиллари билан учрашувларини ташкил этган, шунингдек, Пригожиннинг тоғ-кон саноатидаги манфаатларини илгари сурган. 

«Вагнер гуруҳи»нинг Африка қитъасида мавжудлиги ҳар қандай мамлакат учун барқарорликни бузувчи куч бўлиб, бу гуруҳ ресурсларини суверен ҳудудга жойлаштириш имконини беради», - дейди АҚШ молия вазирининг терроризмга қарши кураш ва молиявий разведка бўйича ўринбосари Брайан Нелсон. 

Мавзуга оид