Макрон Украинага “ишончли” хавфсизлик кафолатларини беришга чақирди
Украинанинг НАТО йўлидаги хавфсизлик кафолатлари келгуси ҳафталарда жамоавий музокаралар мавзуси бўлиши керак, деди Макрон.
Франция президенти Эммануэл Макрон Братиславадаги Globsec хавфсизлик форумида нутқ сўзлаб, Ғарбни Украинага “аниқ ва ишончли” хавфсизлик кафолатларини беришга чақирди, деб хабар берди 31 май, чоршанба куни AFP.
Макрон Украина “бугунги кунда Европани ҳимоя қилишини” таъкидлади. "Шунинг учун мен келгуси ҳафталарда бу жамоавий музокаралар мавзусига айланишини ёқлайман: Украинага моддий ва ишончли хавфсизлик кафолатларини таклиф қилиш керак", деди Макрон. Унга кўра, Украинага “Исроилга тақдим этилган хавфсизлик ва НАТОга тўлақонли аъзолик ўртасидаги нимадир” таклиф қилиниши мумкин.
Макрон 2019 йилда алянсни танқид остига олганини ва “НАТОнинг мияси ўлими” ҳақида маълум қилганини эслади. Украинадаги ҳарбий ҳаракатлар, дейди у, иттифоқни уйғотди. “Айтишим мумкинки, бугун иттифоқ кучли электр токи уриши билан уйғонди”, — деди Франция президенти.
"Бугун биз Украинага самарали қарши ҳужумни амалга ошириш учун ҳар томонлама ёрдам беришимиз керак. Биз ҳозир шундай қиляпмиз. Саъй-ҳаракатларимизни кучайтиришимиз керак, чунки кейинги бир неча ой ичида содир бўладиган воқеалар узоқ давом этадиган тинчлик учун ҳам имконият беради. ”, деди Макрон.