Жаҳон | 10:27 / 02.06.2023
4593
2 дақиқада ўқилади

Boeing астронавтлар экипажи билан ХКСга Starliner парвозини номаълум муддатга қолдирди

Boeing капсула билан боғлиқ қўшимча муаммоларни аниқлаганидан сўнг ўзининг экипажли Starliner космик кемаси биринчи парвозини номаълум муддатга кечиктирди. Boeing’нинг синов парвози билан боғлиқ муаммолар 2019 йилда, космик кеманинг парвозни бошқариш тизими хатога йўл қўйган ва у ХКСга етиб бормаган пайтда бошланган. 

Фото: John Grant / Boeing

Starliner космик кемасининг биринчи экипажли парвози капсула билан боғлиқ қўшимча муаммолар аниқлангани сабабли қолдирилди, деб хабар берди Boeing ва NASA. Халқаро космик станцияга (ХКС) парвоз 21 июлга белгиланган эди, янги сана ҳали аниқланмаган, деб хабар беради CNBC. Компанияда кемани синовдан ўтказиш билан боғлиқ муаммолар 2019 йилда бошланган, улар туфайли у 830 миллион доллардан ортиқ маблағ йўқотган. 

Июль ойида Starliner NASA’нинг икки астронавтини бошқариладиган парвоз пайтида ХКСга етказиши керак эди. Июль санаси апрель ойидаги парвоз бекор қилинганидан кейин белгиланди. Boeing энди Starliner космик кемасида иккита янги муаммони аниқлади: бири парашют тизимлари хавфсизлигига таъсир қилади, иккинчиси эса ёнувчан бўлиб чиққан махсус лента билан боғлиқ. 

Boeing вице-президенти ва Starliner лойиҳаси менежери Марк Наппи 1 июнь, пайшанба куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида: «Биз ушбу муаммоларни бартараф этиш учун CFT миссиясига тайёргарликни тўхтатишга қарор қилдик», деди. Наппининг таъкидлашича, учиришнинг кечикиши бош директор Дейв Калхун иштирокида «Boeing’нинг энг юқори даражаларида» муҳокама қилинган. 

Компания ўзининг Starliner космик кемасини NASA тижорат космик миссияси дастурининг бир қисми сифатида ишлаб чиқмоқда. У деярли 5 миллиард долларга капсулани яратиш бўйича шартномани ютиб олди ва Илон Маскнинг SpaceX дастури билан рақобатлашмоқда. CNBC қайд этишича, SpaceX Boeing биринчи парвозини амалга оширишдан олдин NASA томонидан буюртма қилинган олтита миссиянинг барчасини бажаришга тайёр. 

Мавзуга оид