Қатор таҳлилчиларга кўра, бу конфликтга 1973 йилда Афғонистон ва Эрон ўртасида тузилган сув тақсимланиши шартномасининг бузилиши сабаб бўлиши мумкин.

Бир неча ҳафта аввалроқ Эрон президенти Иброҳим Раиси “Толибон”ни бу битим шартларига амал қилишга чақириб, Ҳилманд дарёси оқимини чеклаш орқали Эроннинг шарқий ҳудудларига сув боришига тўсқинлик қилмасликни талаб қилганди. Толиблар бу айбловни рад этган.

Kun.uz мавзу юзасидан афғоншунос Суҳроб Бўронов билан суҳбатлашди.

— “Толибон” ва Эрон конфликти фақатгина 1973 йилги сув келишуви билан боғлиқми ёки марказлашмаган “Толибон”га ташқи таъсирлар натижасими?

— Теҳрон ва “Толибон” ўртасидаги зиддият яқин кунлардаги резонансга сабаб бўлган воқеа бўлди. Бу масалада бошқа омил ҳам борки, ўртадаги муносабатларга бевосита ва билвосита таъсир кўрсатади. Булар – тарихий, этнодиний ва геосиёсий омиллардир.

1996-2001 йилларда “Толибон” маъмурияти ва Теҳрон муносабатлари зиддиятли бўлган ва “Толибон”ни дастакловчи куч марказларининг аксарияти Эроннинг Афғонистондаги таъсирини камайтиришга уринган.

Теҳроннинг Афғонистондаги этнодиний таъсир омили эса – аҳолининг шиа мазҳабидаги ҳазора қатламидир. Сунний бўлган толиблар ўша даврда ҳазоралар фаолиятини жиддий чеклаш учун кураш олиб боришган ва Эрон таъсиридаги Ҳизби Ваҳдат партияси раҳбари Абдул-Али Мозорий йўқ қилинган.

Сўнгги воқеалар шуни кўрсатдики, “Толибон” ва Эрон ўртасидаги сув муаммоси геосиёсий омил сифатида баҳоланиши мумкин. Теҳроннинг Москва ва Пекин билан яқин муносабатлари учун ҳам бу сигнал ҳисобланади. Шунингдек, Эронда уранни бойитиш жараёни ҳам йирик куч марказларининг эътиборини торта бошлади.

— Нега зиддиятга Эрон жиддий реакция билдирмади, бу қандай омиллар эвазига?

— Буни икки гуруҳга ажратиб олишимиз мумкин. Биринчидан, Эроннинг “Толибон” билан муносабатида манфаатли томонлари ҳам бор, яъни бир вақтнинг ўзида манфаати учун дўст ва душман. Пентагон ҳисоботларида айтилишича, расмий Теҳрон ўзига хайрихоҳ бўлган кучларни дастаклаш мақсадида 2007 йилдан буён “Толибон”га таъсир кўрсатишни бошлаган. Масалан, “Толибон” маъмуриятининг илк раҳбарларидан бири Мулла Аҳтар Мансур 2016 йилда Эрондан Покистонга қайтаётганида Қўшма Штатларнинг учувчисиз қурилмаси ёрдамида портлатиб юборилган. Эроннинг асосий мақсади – АҚШнинг Афғонистондаги ҳарбий мавжудлигини камайтиришдан иборат.