Жаҳон | 11:46 / 07.06.2023
4573
2 дақиқада ўқилади

Таҳлилчилар Европа стартапларига сармоя 32 млрд долларга қисқаришини тахмин қилди

Таҳлилчилар 2023 йилда Европа технологик стартапларини молиялаштириш 39 фоизга қисқаришини тахмин қилди, яъни 83 миллиард доллардан 51 миллиард долларгача. Уларнинг таъкидлашича, америкалик инвесторларнинг стартапларга бўлган қизиқиши Украинадаги воқеалар ва жаҳон марказий банклари томонидан пул-кредит сиёсатининг кескинлашуви фонида пасайган.

Фото: Shutterstock

Венчур капитали томонидан қўллаб-қувватланадиган Европа технологик стартапларини молиялаштириш 2022 йилга нисбатан 2023 йилда 39 фоизга қисқаради, деб хабар берди CNBC Atomico прогнозига таяниб.

2023 йилда инвестиция фонди таҳлилчилари башорат қилишларича, инвестициялар ҳажми 2022 йилдаги 83 миллиард долларга нисбатан 51 миллиард долларни ташкил қилади. Шу билан бирга, ўтган йил ҳам Европа технологик стартаплари учун оғир бўлди — уларга инвестициялар 22 фоизга камайди (2021 йилдаги 106 миллиард доллардан 83 миллиард долларгача).

Молиялаштиришнинг кейинги босқичларида компаниялар умумий инвестиция йўқотишларининг 93 фоизини ташкил этиши кутилмоқда, бу 2022 йилдан 2023 йилгача бўлган даврда тахминан 28 миллиард долларни ташкил этади. Дастлабки босқичдаги стартапларни молиялаштириш сезиларли даража камайди. 15 миллион доллардан кам маблағ жалб этган компанияларни молиялаштириш 2023 йилнинг биринчи ярмида ўтган йилнинг шу давридаги 10,3 миллиард доллардан 8,2 миллиард долларни ташкил этди.

Кўп жиҳатдан молиялаштиришнинг қисқаришига америкалик инвесторларнинг глобал омиллар, жумладан Украинадаги вазият ва Федерал захира тизими ҳамда энг йирик давлатларнинг марказий банклари томонидан пул-кредит сиёсатининг кескинлашуви таъсири остида бўлган технология компаниялари акцияларига қизиқиши пасайиши сабаб бўлди. Ушбу омиллар инвесторларни фойда келтирмайдиган технологик компанияларга нисбатан ўз позицияларини қайта кўриб чиқишга ундади, уларнинг қиймати одатда келажакдаги пул оқимларини кутишига боғлиқ, деб таъкидлайди CNBC.

Мавзуга оид