Исломий банк тўғрисидаги қонун кучга кирди: Ўзбекистонда янги сармоя оқими очиляпти — Kun.uz
Реклама
|11:481 38313 дақиқалик ўқиш
Исломий банк тўғрисидаги қонун кучга кирди: Ўзбекистонда янги сармоя оқими очиляпти
|11:481 38313 мин
Искандар Турсунов, “Al Muamalat Consulting” раҳбари: 20 га яқин банк исломий банк дарчаларини очиш учун тайёргарлик босқичини бошлади. Қонун қабул қилинганидан кейин, табиийки, қонуности ҳужжатларида исломий банк лицензиясини олиш учун банкда нималар қилиниши, қандай шартлар бажарилиши ва қандай ҳуқуқий асослар яратилиши кераклиги аниқ белгиланади. Бу кадрларни танлашдан тортиб, банкда исломий банк хизматларини кўрсатишда муҳим саналадиган махсус кенгаш – биз шариат кенгаши деяпмиз – ваколатларигача бўлган жараёнларни қамраб олади. Шу талаблар асосида банклар Марказий банкка ҳужжат топшириб, исломий банк лицензиясини олишга ҳаракатни бошлади. Марказий банк халқаро ислом молияси экспертларини жалб қилган ҳолда, камчиликларга йўл қўймаслик учун низомларни қайта кўриб чиқди. Шу сабаб ҳужжат топшириш жараёни бироз кечикди. Аммо бу кечикиш банкларимизнинг фойдасига: ишлар янада тўғри йўлга қўйилиб, кейинчалик қўшимча ишларни қайтадан қилишга тўғри келмаслиги учун.
Шокир Шарипов, журналист: Мен оддий бир Ўзбекистон ватандоши сифатида қачон бориб бевосита шу дарчаларга мурожаат қила оламан?
Ҳаётжон Азимов, “Al Muamalat Consulting” эксперти: Марказий банкда аризаларни кўриб чиқиш муддати қонунда белгиланган. Улар кўриб чиқилиб, лицензия берилганидан кейин банклар тўлақонли фаолиятни бошлайди. Бу тахминан йил охири – кейинги йил бошларига тўғри келиши керак.
Шокир Шарипов: Демак, мана шу жорий йилнинг охирида мен бевосита банклардан қайси бирига мурожаат қилишни танлай оламан. Шунақами?
Ҳаётжон Азимов: Ҳа. Стратегия бўйича камида битта банкка лицензия бериш кўзда тутилган. Яъни камида битта банк шу йил исломий банк фаолиятини, исломий тамойиллар асосида хизмат кўрсатишни бошлайди. Демак, сизда шу йил охиригача, Худо хоҳласа, анъанавий банкдами ёки исломий банкда ҳисоб очаманми, деган танлов бўлади. Кейинги йил ва ундан кейинги йилларда эса исломий банкларнинг ўртасида қайси бирига бораман, деган танлов бўлиши устида ишлаяпмиз.
Искандар Турсунов: Айни пайтда Ўзбекистонда банкларда бирорта исломий банк дарчаси мавжуд эмас. Айнан шундай дарчаларни очиш учун банклар Марказий банкка ҳужжат топширди. Билишимизча, бир нечта банк ҳужжат тақдим этган. Марказий банк билан мулоқотларда ва белгиланган низомларда бу жараён икки-уч ойгача вақт олиши айтилган. Шундан келиб чиқсак, тахминан ноябр ойларига бориб айрим банклар исломий банк дарчаси учун лицензия олиши мумкин. Марказий банк бу жараёнга жуда жиддий ва жадал киришган. Лекин бу фақат Марказий банкка боғлиқ эмас. Банкларнинг ўзи ҳам тайёр бўлиши керак. Яъни банклар Марказий банк талаб қилган ҳужжатларни камчиликсиз, тўла-тўкис тайёрлаб топшириши керак, акс ҳолда лицензия ололмайди. Шунинг учун бу талаб тўғри. Йиллар мобайнида ислом молияси ва банкчилиги бизда секин ривожланди, лекин сўнгги беш-олти йилда бу соҳага жадал эътибор берилгани боис жараён тезлашди. Умид қиламизки, халқимиз кутаётган мужда – исломий банк дарчаларининг очилиши – тез орада рўёбга чиқади ва йил сўнгига қадар икки-учта банкда шундай дарчалар бўлиши мумкин.
Мавзуга оид
Ҳаётимизга исломий молия деган тушунча кириб келяпти. Жорий йил якунигача тўлиқ исломий тамойилларда ишлайдиган камида битта банк ва бир нечта анъанавий банкда исломий молия дарчалари очилиши кўзда тутилмоқда. Kun.uz экспертлари Искандар Турсунов ва Ҳаётжон Азимов сўнгги бир неча ой давомида соҳада қўйилган қадамлар ва кутилаётган трансформация ҳақида сўз юритди.
Шокир Шарипов: Банклар учун бу маҳсулот, тўғрими, тижорий маҳсулот. Шунинг учун банкларда бу йўналишда сусткашлик бўлиши бозор иқтисодиётига ҳам зид бўлса керак-а?
Искандар Турсунов: Тўғри. Сусткашлик халқимизнинг кутаётган орзусини кечиктиради. Бундан ташқари, аҳоли қўлида айнан қадриятлари ёки бошқа сабаблар туфайли бўш турган пулнинг иқтисодиётга бир кун бўлса ҳам кеч кириб келиши – бу ҳам кечикиш дегани. Ислом молияси ва ислом банкчилиги қоидаларига мувофиқликни таъминлаш учун барча ҳужжатлар жуда эҳтиёткорлик билан кўриб чиқилди ва бу бироз вақт олди. Умид қиламизки, барча масалалар ҳал этилган ҳолда банклар тез орада лицензия ола бошлайди.
Шокир Шарипов: Ютуқларимиз ўзимиз билан. “Ютуқ” дегани ўзи эришилган нарса дегани. Қаерда камчиликлар бор? Ҳаракатларни нималар билан тўлдиришимиз керак?
Искандар Турсунов: Ислом молияси фақат исломий банклардан иборат эмас. Оддий халқ ҳам, регуляторлар ҳам, бунга масъул инсонлар ҳам билиши керакки, исломий молия деганимизда фақат исломий банкни тушуниб, диққат-эътиборни фақат унга қаратиб қолиш керак эмас. Чунки бу муқобил ва тўлиқ молиявий тизим. Шунинг учун параллел равишда унинг атрофидаги бошқа исломий молия инструментлари ҳам ривожланиб бориши керак. Фақат исломий банкка диққат қаратиш билан чекланиб бўлмайди.
Масалан, ҳозир Истиқболли миллий агентлик исломий қимматли қоғозлар — сукук бозори устида ишлаяпти. Бу жараён қанчалик тезлашса, қонунчилик тезроқ қабул қилиниб амалиётга кирса, тизимнинг таркибий қисмлари бир-бирини тўлдириб боради. Капитал бозори бўлмаган жойда банкларнинг ишлаши ҳам, иқтисодиётда молия бозорининг тўлақонли ишлаши ҳам оқсоқланади. Бундан ташқари, суғурта бозори ҳам ривожланиши керак. Микромолия ташкилотларига рухсат берилди, уларнинг ривожланиши ҳам таъминланиши лозим.
Кеча президентимиз иқтисодий ва молиявий соҳага масъул раҳбарлар билан учрашиб, Ўзбекистонда аҳоли даромадини ошириш, камбағалликка қарши курашиш ва янги иш ўринларини яратиш бўйича кўрсатмалар берди. Тадбиркорларга йилдан-йилга катта эътибор бериляпти. Эътибор ошган сари тадбиркорларнинг молиявий ресурсларга талаби ҳам ортади. Бу талабни таъминлаб бера олишимиз керак. Давлат раҳбарига бериладиган тақдимотларда анъанавий молия билан чекланиб қолмасдан, унинг ёнига исломий молия инструментларини ҳам қўшиб, уларнинг имкониятлари, потенциали, иқтисодиётда қўшилган қиймат ва янги иш ўринлари яратиш салоҳиятини кўрсатиш вақти келди.
Президент администрациясида ва ҳукумат ташкилотларида ҳам исломий молияга масъул бўлимлар, бошқармалар ёки департаментлар бўлиб, макро даражада ислом молиясининг потенциалини ишлаб чиқиб, давлат раҳбарига тақдимотлар қилиб бориши ва бу йўналишда жиддий иш олиб бориши керак.
Давлатимиз раҳбари “Al Muamalat Consulting” ва ислом молияси соҳасида қилаётган ишларимизни муносиб кўриб, эътироф этди ва кўкрак нишони берди. Ўша ерда минглаб тадбиркорлар иштирок этган катта нетворкинг бўлди. Тадбиркорлар билан суҳбатлашганингизда, улар исломий молияни кутиб турганини кўрасиз. Улар “қачон?” деб сўрашяпти. Давлатимиз раҳбари ҳам бу ишлар ижобий натижа бераётганини, улар ҳеч қачон тўхтатилмаслигини ва шу йўналишда секин-аста давом этилишини айтди.
Шокир Шарипов: Президентнинг “секин-аста” деганини бошқача талқин қиладиганлар ҳам чиқиши мумкин-да... “Секинлашишимиз керак экан”, деб.
Искандар Турсунов: “Секинлашишимиз мумкин” дейиш ўта катта стратегик хато ва иқтисодий орқага кетиш бўлади. Бу айнан ислом молияси ривожланишига ва уни кутиб турган инсонларнинг умидсизлигига олиб келиши мумкин. Мен ҳурматли президентимиз билан мулоқотда айтдимки, Ўзбекистон қўшни давлатларда 30 йил давомида амалга оширилиб, бугунги кунда ҳам эришила олмаган айрим натижаларга олти йил ичида институционал ва тизимли ёндашув орқали эришди. Давлатимиз раҳбари ҳам айнан тизимли, шошмашошарликсиз, институционал ёндашув билан ишлаш ва бу ёндашув ижобий натижа бераётганини таъкидлади. Умид қиламанки, соҳани ривожлантиришни қўллаб-қувватлаётганлар “секин-аста” деган гапни приоритет орқада экан, деб эмас, балки ҳозир амалга ошираётган ишларимиз тўғри ва шу жадалликда, шу ёндашувда давом этиш керак, деб тушунади.
Шокир Шарипов: Яъни амалдорлар “секин-аста”ни шундай тушуниши керак.
Искандар Турсунов: Ҳа.Давлатимиз раҳбари Ўзбекистонда тадбиркорликни ривожлантириш ҳақида жон куйдириб айтаётган гапларининг барчасида бирор нарсани секинлаштириб қўйишни эмас, балки илғор, натижадор ва манфаатли ҳаракат қилишни назарда тутяпти. Менимча, масъуллар ҳам, соҳага оид инсонлар ҳам буни тўғри тушуниб туришибди.
Шокир Шарипов: Масалан, мен пулдор, қадриятли бир кишиман, тадбиркорман. Пулимни ишлатишни, иқтисодиётда ишлашини, кимгадир фойда келтиришини хоҳлайман. Эртага бирор ғалати ҳолатда қолмайманми? Дейлик, пулимни банкка жойлаштираман, кейин кимдир келиб: “Бу пулни қаердан топдингиз?” деб сўрамайдими?
Искандар Турсунов: Аслида, исломий молия ва исломий банк тизими Ўзбекистонда нима мақсадда яратиляпти? Айнан қадриятли инсонлар ёки тадбиркорларнинг қўлида бўш турган маблағларни иқтисодиётга жалб қилиш ҳамда молиявий инклюзивликни таъминлаш учун. Яъни одамларда танлов имконияти бўладиган яна бир муқобил молиявий тизим кириб келяпти. Бу анъанавий молиявий тизимга ҳеч қандай хавф туғдирмайди ёки риск бермайди.
Исломий банк айнан шу қадриятлар асосида йиллар давомида жамғармага эга бўлган инсонларнинг маблағларини жалб қилиб, уни иқтисодиёт ва молия секторига тўғри расмийлаштирган ҳолда киритиши керак. Бу жараён, албатта, банк, давлат ва масъул органлар томонидан кафолатланиши лозим. Мақсад шунчаки банк очиб қўйиш ёки “исломий молия борми – бор” қилиш эмас. Мақсад – иқтисодиёт ва молияга айнан шу ресурсларни жалб қилиш. Демак, маблағларнинг кафолати ва дахлсизлиги таъминланиши керак.
Шундагина биз кутаётган натижалар – камбағалликни қисқартириш, янги иш ўринларини яратиш, тадбиркор ва аҳолининг давлатга ва тизимга ишончини ошириш рўёбга чиқади. Ўйлайманки, бу ерда ҳадиксираш, қўрқиш ёки “ресурсни банкка жойлаштирсам, қаердан олгансан, деб сўрашади” деган хавотирлар ўтмишда қолди, Шокир ака.
Шокир Шарипов: Энди тасаввур қилайлик, мен пулдор тадбиркор эмасман, оддий одамман. Ҳеч қайси банк билан умуман ишим йўқ, чунки молиявий имкониятим йўқ. Шундай ҳолатда менга исломий молия институтининг нима фойдаси бор?
Ҳаётжон Азимов: Исломий молия экотизими фақат исломий банкдан иборат эмас. Унинг тижорий тарафи бор: исломий банклар, исломий суғурта компаниялари – буни такафул деймиз, ундан ташқари исломий капитал бозорлари бор. Бу тизим 10-100 доллардан тортиб миллиард ва триллионларгача бўлган маблағларни қамраб олиши мумкин. Лекин ислом молиясининг яна бир ўзига хос жиҳати – исломий ижтимоий молия. Бу компонент жуда муҳим ва бутун дунёда кенг тарқалган.
Ижтимоий молия табиатан ислом молияси талабларига яқин бўлгани учун бу ерда қилинадиган иш нисбатан кам. Масалан, оддий банкни исломий банкка ўтказиш учун кўп иш қилиш керак: молиявий маҳсулотларни ишлаб чиқиш, тасдиқлаш, қонунларни ўзгартириш талаб этилади. Ижтимоий аҳамиятга эга қисми эса табиатан ислом молияси стандартлари талабларига яқин. Фақат уни молиявий ва тижорий тизим билан боғлаш керак бўлган нуқталар бор.
Исломий ижтимоий молиянинг асосий компонентлари учта: закот, эҳсон ва вақф. Банклар, исломий суғурта ва капитал бозорлари каби молиявий тизим иштирокчилари закот тўлайди. Бизда ҳам дивиденд тўлашдан олдин закот ҳисобланиши мумкин – бу солиққа ўхшаш тарзда ишлайди.
Искандар Турсунов: Ўзбекистон Республикасида ижтимоий ҳимоя ва ижтимоий кўмакка жуда катта эътибор берилади. Ҳар йили катта миқдорда маблағлар ва сармоялар ажратилади, бюджетдан қўшимча ресурслар берилади. Исломий банклар ва исломий молия институтларининг ривожланиши ижтимоий ҳимояга сарфланадиган бюджет маблағларига тушадиган юкни енгиллаштириши мумкин. Чунки исломий банклар ва исломий молия ташкилотлари йил сўнгида даромад олганда ёки нисобга етганда закот тўлайди ёки маблағларининг бир қисмини хайрияга йўналтиради. Булар кичик суммалар эмас.
Замонавий ислом молиясида закот ҳам, вақф ҳам шундай замонавий инструментларга айланганки, Малайзия, Индонезия ва араб давлатларида улардан аҳолининг ижтимоий қатламларига, тадбиркор аёлларга ёки боқувчиси йўқ инсонларга ёрдам бериш учун катта ресурслар йиғишда фойдаланиляпти. Исломий молия хизмати билан шуғулланган банклар ва бошқа ташкилотлар, албатта, давлат белгилаган солиқлар ва турли йиғимларни ҳам тўлайди.
Айрим давлатларда закот тўланаётгани ҳам ҳисобга олиниб, солиқларда шунга мутаносиб енгилликлар берилган. Чунки ташкилот солиқларни тўлашдан ташқари, ислом молияси талабларидан келиб чиққан ҳолда 2,5 фоизлик закот ҳам тўлайди. Айланмаси катта ташкилотлар учун бу кичик сумма эмас. Демак, биз ҳам шу масалаларни кўриб чиқишимиз керак. Ўйлайманки, бу бюджет юкини енгиллаштиради ва давлатимизнинг ижтимоий ҳимоя соҳасида олиб бораётган ишларини қўллаб-қувватлаган ҳолда аҳолига бериладиган кўмаклар ҳажмини оширишга хизмат қилади.