Ҳукуматнинг 2026 йил 4 сентябрдаги 463-сон қарори билан “Энг инновацион ғоя” республика танловини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Низом давлат олий таълим ташкилотларининг иқтидорли талабалари ўртасида танлов ўтказиш, стартап лойиҳага айлантириш имконияти юқори бўлган инновацион ғояларни саралаш ва уларни молиялаштириш тартибини белгилайди.

Ҳужжатга кўра, “Энг инновацион ғоя” танлови ҳар йили сентябр–декабр ойларида икки босқичда ташкил этилади.

Биринчи босқич барча давлат олий таълим ташкилотларида ўз талабалари ўртасида ўтказилади. Республика босқичи эса Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан 10 та йўналиш бўйича ташкил этилади.

Олий таълим ташкилотлари ҳар йили 10 сентябрда танловнинг биринчи босқичига аризалар қабул қилиш бошлангани ҳақида эълон беради. Талабгорлар 10 октябрга қадар саралаш комиссияси номига ариза тақдим этиши мумкин.

Ҳар бир талабгор танловда фақат битта инновацион ғоя билан иштирок этади.

Ғоялар 100 баллик тизимда баҳоланади

Танловга тақдим этилган инновацион ғоялар саралаш ва танлов комиссиялари томонидан 100 баллик тизим асосида баҳоланади.

Бунда инновацион ғоянинг илмий ва инновацион янгилиги учун 20 баллгача, долзарблиги учун 20 баллгача, мавжуд аналоглардан фарқи учун 20 баллгача, харажатлар сметасининг асосланганлиги учун 20 баллгача ҳамда ғояни амалга оширишдан кутилаётган натижалар учун 20 баллгача берилади.

Биринчи босқич ғолибларига 50 млн сўмгача грант

Танловнинг биринчи босқичида ғолиб бўлган талабалар грант маблағлари билан тақдирланади.

Хусусан, биринчи ўрин учун 50 млн сўм, иккинчи ўрин учун 30 млн сўм ва учинчи ўрин учун 20 млн сўм грант ажратилади.

Республика босқичида ғолиб деб топилган инновацион ғояларга эса анча катта маблағ йўналтирилади. Инновацион ривожланиш агентлиги, талабгор ва тегишли ташкилот ўртасида тузиладиган шартнома асосида биринчи ўрин соҳибининг ғояси 500 млн сўм, иккинчи ўрин — 300 млн сўм, учинчи ўрин — 200 млн сўм миқдорида молиялаштирилади.