Жаҳон | 07:41 / 12.06.2023
8559
2 дақиқада ўқилади

АҚШ ЮНЕСКОга қайтишга қарор қилди

Вашингтон ташкилотга қайтиш учун ЮНЕСКО олдидаги 500 миллион доллар қарзини тўламоқчи. Қўшма Штатлар Трамп маъмурияти томонидан 2017 йилда ЮНЕСКО таркибидан чиққан эди.

Фото: ЮНЕСКО

Қўшма Штатлар ЮНЕСКОни (Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг таълим, фан ва маданият ташкилоти) қайта аъзо бўлиш қарори ҳақида хабардор қилди. Бу ҳақда 12 июн, якшанба куни Давлат департаменти вакилига таяниб, Axios портали маълумот берди.

Давлат котибининг бошқарув ва ресурслар бўйича ўринбосари Ричард Верма БМТ маданият агентлигига мактуб йўллади, Вашингтоннинг ташкилот олдидаги қарзини тўлаш режаси ҳам бор, деб хабар беради Axios. Ўтган йилнинг декабр ойида АҚШ Конгресси ЮНЕСКОга аъзолик бадалларини тўлаш учун 500 миллион доллардан ортиқ маблағни маъқуллади. Тўлов мамлакатга ташкилотга қайта қўшилиш имконини беради.

2011 йилда Фаластин ЮНЕСКОга тўлақонли аъзо бўлгач, Обама маъмурияти ташкилотни молиялаштиришни тўхтатди. 2017 йил октябр ойида Доналд Трамп даврида АҚШ расмийлари ЮНЕСКОни “Исроилга қарши сиёсатда” айблаб, агентликдан чиқишини эълон қилди. 

2022 йил феврал ойида Исроил ҳукумати АҚШ Давлат департаментини АҚШнинг ташкилотга қайтишига қарши чиқмаслиги ҳақида хабардор қилди. Исроилнинг позицияси Конгрессдаги баъзи демократлар ва республикачиларга бу ҳаракатни қўллаб-қувватлашга имкон берди, дея таъкидлайди Axios.

 

Мавзуга оид