Байден Хитой разведкасини тийиб туриш бўйича чоралар қабул қилди
АҚШ давлат котиби Хитой Қўшма Штатлар ҳақида разведка маълумотларини йиғиш учун Кубада база ташкил этганини тасдиқлади. Блинкеннинг сўзларига кўра, Пекин бошқа мамлакатларда ҳам шундай базаларни очишга ҳаракат қилган.
АҚШ давлат котиби Энтони Блинкеннинг айтишича, Хитойга қарши разведка хизматларининг учинчи давлатлар орқали маълумот тўплаш ҳаракатларига оид янги айбловлар Вашингтон ва Пекин ўртасидаги зиддият мавзулари рўйхатини кенгайтирмоқда. 12 июнь, душанба куни у Хитой бирмунча вақтдан бери Флорида штати жанубидаги Кубадан Америка Қўшма Штатлари тўғрисидаги маълумотларни тўплаш учун фойдаланаётганига эътибор қаратди ва шу тариқа тегишли ОАВ маълумотларини тасдиқлади.
Блинкеннинг айтишича, АҚШ президенти Жо Байден 2021 йил бошида лавозимга киришгач, унинг маъмурияти Пекиннинг ҳарбий разведка маълумотларини йиғиш учун бутун дунё бўйлаб логистика базасини кенгайтириш борасидаги саъй-ҳаракатларидан хабардор бўлган. Шу билан бирга, 2019 йилда Хитой «Кубада разведка маълумотларини йиғиш муассасалари фаолиятини янгилади», деди у. Давлат котиби сўзларига кўра, Байден маъмурияти аввалги маъмуриятнинг баъзи саъй-ҳаракатларига қарамай, ХХРга нисбатан етарлича чоралар кўрилмаган деган хулосага келган, шу боис амалдаги президент тўғридан тўғри жавоб беришни буюрган.
Ўшандан бери расман эълон қилинмаган ва натижа берган баъзи қадамлар қўйилди, деди Блинкен тафсилотларга тўхталмай. У, шунингдек, Вашингтон ўз ҳудудида Хитой разведка базаларини жойлаштириш имкониятини кўриб чиқаётган давлатлар ҳукуматлари билан алоқада эканлигини таъкидлади. «Мутахассисларимиз фикрича, дипломатик саъй-ҳаракатларимиз ХХРнинг бу уринишларини секинлаштирди», — деди у.
Аввалроқ The Wall Street Journal, Politico ва бошқа нашрлар АҚШ маъмуриятидаги манбаларига таяниб, Кубада Хитой разведка хизматларининг АҚШга оид маълумотларни тўплайдиган базаси борлиги ҳақида хабар берган эди. WSJ таъкидлаганидек, Кубада Америка қирғоқларига яқинлиги туфайли Хитой Қўшма Штатлар айрим ҳудудларида электрон алоқаларни тутиб олиш, шунингдек, Америка кемаларининг ҳаракатини кузатиш имкониятига эга.
10 июнь куни АҚШ маъмурияти расмийси база амалдаги маъмурият аъзолари лавозимга киришишидан олдин ташкил этилгани, бу давом этаётган муаммо ва Вашингтон уни ҳал қилиш учун ҳаракат қилаётганини таъкидлади. Америка расмийсига кўра, 2021 йил январига келиб Кубада «Хитойнинг разведка маълумотларини йиғиш объектлари» ишлаган. «ХХР 2019 йилда Кубадаги разведка маълумотларини йиғиш воситаларини янгилади. Бу разведка маълумотларида бор», - дея қўшимча қилди у.
Мавзуга оид
22:03 / 12.11.2024
АҚШ ҳукумати НУЖ бўйича баъзи маълумотларни ошкор қилиши мумкин
16:55 / 12.11.2024
Трамп миллионлаб мигрантларни депортация қилишни режалаштирмоқда — ОАВ
09:15 / 12.11.2024
АҚШ Сурияда эронпараст гуруҳлар объектларига зарба берди
16:42 / 11.11.2024