Жаҳон | 11:32 / 17.06.2023
6593
2 дақиқада ўқилади

Тайван Хитойнинг 13 та ҳарбий самолёти оролга яқинлашганини маълум қилди

Тайван Мудофаа вазирлиги 13 та Хитой ҳарбий самолёти оролга яқинлашганини аниқлади, деб хабар берди идора Twitter’да. 

Фото: J-10 Fighter

Қайд этилишича, битта JH-7 қирувчиси Тайван бўғози шимолида ўрта чизиқни кесиб ўтган. Кейин самолёт ортига бурилиб, қайтиб учиб кетган. 

Тайван ҳарбийлари бунга жавобан қирувчи самолётларни тревога бўйича ҳавога кўтарди, кузатув учун кемалар ва ер-ҳаво ракета тизимларини жойлаштирди. 

Аввалроқ Хитой Халқ-озодлик армияси ҳарбий-денгиз кучлари Шарқий Хитой денгизининг бир қанча ҳудудларида ўқ отиш машқларини бошлаган эди. 

Машқлар бошланиши муносабати билан бир қатор ҳудудлар кемалар ҳаракати учун вақтинча ёпилди. Гап Тайван оролининг шимолидаги Чжежианг провинцияси шарқий қисмидаги Тайчжоу шаҳри сувларидаги ҳудудлар ҳақида бормоқда. 

Маълум бўлишича, у ердаги машғулотлар Тошкент вақти билан соат 08:30 дан бери давом этмоқда ва Тошкент вақти билан соат 12:00 да якунланиши керак. 

Таъкидланишича, бошқа манёврлар ҳам худди шу вақтда бошланган ва Тошкент вақти билан соат 18:00 гача давом этади. 

Мавзуга оид