Олдиндаги бўлинмалар разведка жанглари ўтказмоқда, украин кучларининг катта қисми эса Россия мудофаасида етарлича катталикдаги тешик ҳосил бўлишини кутганча захирада турибди - шу жойдан асосий ҳужумни бошлаш ва мамлакат жанубидаги ҳудудларни қайтариб олиш учун.

Жанглар жуда оғир кечмоқда ва икки томон ҳам катта йўқотишларга учрамоқда. Икки армия ҳам мунтазам равишда ютуқлар ҳақида ҳисобот бермоқда. Украинанинг Донецк области жанубидаги илгарилаши секинлаб қолган, аммо юриш давом этмоқда.

Украина мудофаа вазири ўринбосари Анна Маляр украин армияси уч йўналишда тахминан бир километрдан илгарилагани ҳақида ҳисобот берган: Бахмут атрофи ва жанубий фронтдаги икки йўналишда.

Бу олға силжишлар қайси вақтда рўй берганига Маляр аниқлик киритмаган, унинг 19 июн тонгидаги хабарига кўра, қарши ҳужум бошланганидан буён қуйидаги саккизта аҳоли яшаш манзили озод этилган: Запорижжя областининг Новодаривка, Левадне, Лобкове ва Пятихатки, Донецк областининг Сторожеве, Макаривка, Блаҳодатне ва Нескучне қишлоқлари.

Малярнинг сўзларига кўра, украин қисмлари Бахмутдан шимолда ва у Бердянск ва Мариупол йўналишлари деб атаган участкаларда юриш қилмоқда - булар жанубий фронтдаги, Орихив ва Велика Новосилкадан жанубдаги ҳудудлар.

Украина қуролли кучлари Бош штаби бош оператив бошқармаси бошлиғи ўринбосари, бригада қўмондони Олексий ўтган ҳафтада журналистлар қаршисидаги чиқишида сўнгги ҳафтада украин қўшини озод этган умумий майдон ҳажми 100 квадрат километрдан ортиқни ташкил этишини маълум қилганди.

Украина президенти Володимир Зеленский Американинг NBC телеканалига берган интервюсида фронтдаги вазият мураккаблиги, аммо «позитив характерга эга» эканини айтган, аммо тафсилотларга тўхталмаганди.

«Бизнинг одамларимиз, ҳозирда душманнинг биринчи линиясига кирган ҳарбийлар - қаҳрамонлардир. Улар жиддий қаршиликка дуч келишмоқда. Ва бу негалиги тушунарли. Чунки Россия Украинанинг бу қарши ҳужумида мудофаа амалиётида ютқазишини мен бутун урушни ютқазиши деб ҳисоблайман», деган Зеленский.

Бу вақтда Украина президенти офиси маслаҳатчиси Михайло Подоляк украинларнинг қарши ҳужуми ҳали кўп жиҳатдан бошланмагани, қўшинлар эса фақат россияликлар мудофаасидаги заиф нуқталарни аниқлаш билан машғуллиги ҳақида айтди.

«Россиядагилар биз аллақачон ютиб бўлдик, қарши ҳужумни қайтардик деяётган қарши ҳужумни биз ҳали бошлаганимиз йўқ», деган Подоляк украин телемарафони эфирида.