Энергетика вазирлиги Россиядан газ сотиб олиш бўйича шартноманинг айрим шартларини очиқлади. Маълум бўлишича, октябрдан бошлаб Россия Ўзбекистонга кунига 9 млн куб табиий газ етказиб беради. Йиллик ҳажм эса қарийб 2 миллиард 800 миллион кубометрни ташкил этади. “UZGAsTrade” ва “Газпром” экспорт компаниялари ўртасидаги битим 2 йил муддатга тузилган.

Тижорий битимдан ташқари, томонлар бу битимни амалга оширишга тайёргарлик кўриш бўйича “Йўл харитаси” ҳам имзолаган. Унинг доирасида Россия газини қабул қилиб олиш учун Ўзбекистоннинг газ-транспорт тизимидаги 3 та газ ҳайдаш ускунаси янгиларига алмаштирилади ва 11 та турли русумдаги газ ҳайдаш ускунасида мукаммал таъмирлаш ҳамда тиклаш ишлари бажарилади. Шунингдек, 22 километрлик янги магистрал газ қувурлари қурилади, 56 километрлик газ қувурлари таъмирланади.

Энергетика вазирлиги харид нархини очиқламади. Расмий хабарда айтилишича, табиий газ нархи минтақадаги бозор нархлари асосида, шунингдек, республикадаги амалдаги нархлар ҳамда уларни бозор тамойиллари асосида шакллантириш бўйича амалга оширилиши режалаштирилаётган ислоҳотлардан келиб чиқиб келишилган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Россиядан газ сотиб олиш бўйича музокара ўтказаётгани ўтган йили охирида маълум бўлганди. Расмий Москва Ўзбекистон ва Қозоғистонни уч томонлама газ иттифоқи тузишга ундаяпти. ОАВга сиздирилган хабарларга кўра, Россия томони газ эгасига Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг газ узатиш тармоқлари эгалигини қўлга олмоқчи бўлган, лекин ҳар икки мамлакат буни рад этган.

Газ қазиб олиш камайишда давом этяпти

Газ мавзусидан узоқлашмаймиз. Ўзбекистонда газ қазиб олиш пасайишда давом этяпти. Жорий йилнинг январ-май ойларида газ қазиб олиш ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 9,8 фоизга қисқарди. Статистика агентлигига кўра, жорий йилнинг дастлабки 5 ойи давомида газ қазиб олиш ҳажми 19,86 млрд куб метрни ташкил этган, бу – ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2,15 млрд кубга кам.

Аҳамиятлиси шундаки, ўтган йилнинг айни шу даврида газ қазиб олиш 4 фоизга камайган эди, жорий йил эса пасайиш қарийб 10 фоизга етган.