Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Орбан Ғарб давлатларининг Украинага қурол етказиб беришини хато деб атади
Венгрия бош вазири Виктор Орбан Ғарб давлатларининг Киевга қурол етказиб беришини хато деб атади. Унинг фикрича, Украина фақат Ғарб қуроллари ва техникаси эвазига жанговар ҳаракатларни давом эттиришга ва қурбонлар сонини оширишга қодир. Бу ҳақда Орбан 27 июнь, сешанба куни Германиянинг Bild нашрига берган интервьюсида айтиб ўтди.
«Украина суверен давлат бўлишдан тўхтади. Уларда пул йўқ. Уларда қурол йўқ. Улар фақат жанг қилишлари мумкин, чунки биз уларни Ғарбда қўллаб-қувватлаяпмиз. Демак, америкаликлар тинчликни хоҳласа, тинчлик бўлади», - дейди Венгрия бош вазири.
Орбаннинг айтишича, бундан ташқари, Украинанинг ғалаба қозониш имкониятларини кўриш «вазиятни етарли даражада тасаввур қилмаслик» дегани. «Украинада аскарлар сони Россиядан кам ва улар тез тугайди. Бу охир-оқибат ҳал қилувчи омил бўлади», - деди Венгрия бош вазири ва урушнинг давом этиши украиналикларга «тасаввур қилиб бўлмайдиган ҳалокат, жуда кўп сонли одамлар ва бойликларни йўқотиш билан таҳдид қилишини» таъкидлади.
Ғарб қуроллари етказиб берилмаса, Украина бутунлай Россия томонидан босиб олинади, деган тахминни Орбан «фақат фараз» деб атади ва Россияни НАТО ёки Венгриянинг ўзига таҳдид сифатида кўрмаслигини айтди.
«Уруш тугагандан кейингина уруш жиноятлари ҳақида гапиришимиз мумкин, агар сиз ўт очишни тўхтатиб, кейин музокара қилишни истасангиз, можарога алоқадорларни музокара столига ўтиришга кўндиришингиз керак».
Орбаннинг фикрича, АҚШ Украинага қурол етказиб беришни тўхтатиб, Россияни музокаралар столига таклиф қилсагина тинчлик бўлади.