Песковнинг сўзларига кўра, учрашув Кремлда 29 июн куни бўлиб ўтган ва уч соат давом этган. Унда Евгений Пригожин ва «Вагнер» командирлари — жами 35 киши иштирок этган.

Песковнинг сўзларига кўра, командирлар олий бош қўмондоннинг содиқ тарафдорлари экани ва ватан учун бундан кейин ҳам жанг қилишга тайёрлигига ишонтиришган.

Ўз навбатида, Путин хусусий ҳарбий компаниянинг фронтдаги ҳаракатларига ва «24 июн воқеалари»га ўз баҳосини берди, шунингдек вагнерчиларга бундан кейинги ишлар бўйича вариантлар таклиф этди, дейди Кремл расмийси.

Бундан аввалроқ Путиннинг Пригожин билан учрашув тўғрисида разведкадаги манбасига асосланган ҳолда французларнинг Libération нашри хабар тарқатганди. Унга кўра, Пригожин ва ХҲК командирлари Кремлга бошқа куни, 1 июлда ташриф буюрган ва Путиндан ташқари, Росгвардия раҳбари Виктор Золотов ҳамда Ташқи разведка хизмати раҳбари Сергей Наришкин билан учрашишган.

Пригожиннинг исёни

23 июн куни Евгений Пригожин у ва унинг ёлланма жангчилари Россия ҳарбий раҳбарияти алмаштирилишига эришиш учун «адолат марши» бошлаши ҳақида эълон қилганди. Кейинги куни тонгда ХҲК бўлинмалари Ростов-Донни эгаллади, ёлланма жангчиларнинг бошқа қисми эса Москва томон йўлга тушди.

Аммо исён қандай тез бошланган бўлса, шундай тез якунланди — 24 июн куни кечқурун Александр Лукашенко билан музокаралардан кейин Пригожин унинг ёлланма жангчилари ўз лагерига қайтаётганини айтди, аввалига хиёнат учун қаттиқ жазолаш билан таҳдид қилган Кремл эса вагнерчилар билан келишув тузди.

Бу келишув параметрларини Дмитрий Песков шундай сўзлар билан очиқлади: Пригожин Беларусга «кетади», исён тўғрисида жиноий иш ёпилади, унинг иштирокчилари ҳарбий хизматлари (яъни Украинга босқиндаги иштироки) туфайли жазоланмайди, уларнинг бир қисми — исёнда иштирок этмаганлар — Россия мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолайди.

Пригожин ҳозир қаерда?

27 июн куни Лукашенко «Вагнер» ХҲК асосчиси Беларусга келганини айтганди, аммо 6 июл куни — исёндан қарийб икки ҳафта ўтганида — у Пригожин Беларусда эмаслигини айтди.

«Мендаги маълумотларга кўра, [„Вагнер“ ХҲК] жангчилари ўз лагерида бўлиб турибди. Пригожинга келсак, у Питерда. У Беларус ҳудудида эмас», — деганди у.