10:09 / 13.07.2023
4620

G7 Украина хавфсизлиги бўйича ҳимоя чораларини эълон қилди

Вилнюсдаги НАТО саммитида G7 давлатлари Украинага хавфсизликни таъминлаш учун ҳар томонлама ва узоқ муддатли ёрдам кўрсатиш мажбуриятини олди. 

Фото: Adrian Wyld/The Canadian Press via AP

«Катта еттилик» давлатлари Украинанинг узоқ муддатли хавфсизлигини таъминлаш учун кенг қамровли чоралар кўради. Бу НАТОнинг Вилнюсдаги саммитининг якуний куни – 12 июль, чоршанба куни эълон қилинган «Катта еттилик» баёнотида айтилган.

«Катта еттилик» давлатлари Украина учун «хавфсизлик соҳасида аниқ, икки томонлама ва узоқ муддатли мажбуриятлар ва келишувлар» ишлаб чиқиш ниятида», дейилади ҳужжатда. Бу ёрдам, хусусан, қуруқликда, ҳавода ва денгизда замонавий ҳарбий техника етказиб бериш, Украина Қуролли кучлари ҳарбий хизматчиларининг малакасини ошириш, разведка маълумотларини узатиш ва киберҳужумлардан ҳимоя қилишни ўз ичига олади. 

Ҳужжатда айтилишича, ҳаво ҳужумидан мудофаа, артиллерия, узоқ масофага учувчи қуроллар, зирҳли транспорт воситалари ва бошқа муҳим имкониятлар, масалан, ҳаво жанги воситаларига устунлик бериш керак. Шу билан бирга, G7 давлатлари Украинани мудофаа саноатини янада ривожлантиришда қўллаб-қувватлаш ниятида. 

Ҳужжатга кўра, дунёнинг етти йирик саноат мамлакати Украинага ҳозир уни ҳимоя қила оладиган ва келажакда янги таҳдидни қайтара оладиган замонавий армия яратишда ёрдам бериш ниятида. «Келгусида қуролли ҳужум содир бўлган тақдирда, биз Украина билан маслаҳатлашувлар ўтказамиз ва тегишли чора-тадбирлар тўғрисида қарор қабул қиламиз», — дея G7 баёнотидан иқтибос келтирган AFP. «Биз Украинани агрессиядан ҳимояланаётган бир пайтда қўллаб-қувватлаймиз ва буни қанча вақт керак бўлса, шунча амалга оширамиз», деб ишонтирди Вилнюсда G7 вакиллари. 

Баёнотда айтилишича, Украина билан бу мавзуда музокаралар «зудлик билан» бошланиши керак. Улар икки томонлама асосда: G7 гуруҳига аъзо бўлган алоҳида давлатлар ва Украина ўртасида ўтказилади. G7 аъзолари - АҚШ, Канада, Германия, Буюк Британия, Франция, Италия ва Япония. 

Top