Жаҳон | 09:55 / 13.07.2023
4531
3 дақиқада ўқилади

Германия Украина учун танкларни таъмирлаш режаларини ўзгартиряпти

Leopard 2A5 ва Leopard 2A6 танкларини таъмирлаш Германияда ва дастлабки маълумотларга кўра, Литвада амалга оширилади. Leopard 2А4 танклари қаерда таъмирланиши ҳозирча номаълум.

Фото: Getty Images

Германия Мудофаа вазирлиги Украинадаги жангларда шикастланган Leopard 2А5 ва Leopard 2А6 танкларини Германияда ва дастлабки маълумотларга кўра, Литвада таъмирлаш ниятида. Бу ҳақда 12 июль, чоршанба куни Вилнюсда бўлиб ўтган НАТО саммити чоғида вазирликнинг расмий вакили маълум қилди

«Украина қуролли кучлари таъмирлаш зарурати ҳақида хабар бериши биланоқ, Leopard 2А5 ва Leopard 2А6 танклари устида иш бошлаш мумкин», — дея Германия Мудофаа вазирлиги вакили сўзларидан иқтибос келтирган dpa ахборот агентлиги. Таъкидланишича, Leopard 2А4 танкларини таъмирлаш қандай олиб борилиши бўйича музокаралар давом этмоқда. 

Ушбу турдаги жанговар машиналар Украинага Полша томонидан тақдим этилган. «Полша ва Германия ҳали ҳам Leopard 2 танкларини таъмирлаш ғоясини кўриб чиқмоқда. Биз буни биргаликда мувофиқлаштирмоқчимиз», - дея билдирди Германия Мудофаа вазирлиги. 

Аввалроқ Германиянинг Handelsblatt ишбилармонлик газетаси манбаларга таяниб, Берлин Полшадаги танкларни таъмирлаш бўйича келишувни полшаликларнинг нархни «ортиқча баҳолагани» туфайли бекор қилаётгани ҳақида хабар берган эди.

Март ойида Германия ҳукумати Украинага А6 типидаги 18 та замонавий Leopard 2 танкини топширди. Бошқа давлатлар, шу жумладан Полша ҳам жанговар машиналарни етказиб беришга қўшилди. Бироқ, Варшава томонидан Киевга топширилган 14 та танкдан 8 таси аллақачон шикастланган, деб ёзади Handelsblatt. 

Апрель ойида Германия, Полша ва Украина Украина чегарасига яқин Полшада Leopard 2 танкларини таъмирлаш марказини ташкил этиш нияти тўғрисидаги баёнотни имзолади. Ўшанда Германия мудофаа вазири Борис Писториус марказ май ойидаёқ очилиши мумкинлигини айтди. 

3 июль куни Полшага ташрифи чоғида Писториус таъмирлаш марказини ташкил этиш бўйича «қисқа» ва «қийин» музокаралар олиб борилаётганини хабар берди. «Вақт тугаяпти. Шунинг учун биз бу музокаралар яқин 10 кун ичида якунланиши керак, деб ҳисоблаймиз», - дея таъкидлади у ўшанда. 

Мавзуга оид