Дам олиш ва ишлаш қобилиятини тиклаш учун ходимнинг ёзма аризаси билан ҳар йили меҳнат таътили берилади. Таътил давомида ўртача иш ҳақи ва лавозим сақланади. Барча ходим, шу жумладан, ўриндошлик асосида ишлайдиган ходимлар ҳам йиллик меҳнат таътилига чиқиш ҳуқуқига эга. Hudud24 меҳнат таътили бўйича қонунчиликдаги меъёрларни санади.
Йиллик меҳнат таътилининг давомийлиги қанча?
Йиллик меҳнат таътилининг энг кам давомийлиги 21 календарь кунни (илгари 15 иш куни эди) ташкил этади.
Қандай ходимларга узайтирилган ёки қўшимча таътиллар берилади?
Қуйидаги тоифадаги ходимларга ёши ва соғлиғининг ҳолатига қараб, асосий узайтирилган таътил берилади:
1) 18 ёшгача бўлган шахсларга — 30 календарь кун;
2) I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган ходимларга — 30 календарь кун.
3) давлат органлари ходимларига – 27 календарь кун.
Шунингдек, бошқа тоифа ходимларга ҳам уларнинг меҳнат вазифалари ўзига хослигидан келиб чиқиб, узайтирилган таътиллар берилади.
Жамоа шартномаси ва келишувлари, шунингдек, ички ҳужжатлар ва меҳнат шартномаси билан кўпайтирилган муддатлар белгиланиши мумкин.
Меҳнат шароитлари ноқулай ишларда банд бўлган, ноқулай табиий-иқлим шароитларида иш бажараётган ёки битта ташкилотда ёки тармоқда кўп йиллик иш стажига эга бўлган ходимларга қўшимча таътиллар берилади.
Хусусан, бир ташкилотда ишлаган ҳар 5 йил учун ходим таътилига 2 календарь кун қўшилади. Аммо қўшиладиган кунлар сони 8 календарь кундан ошиб кетмаслиги керак.
Йиллик меҳнат таътили қандай ҳисобланади?
Таътиллар аввалгидек иш кунларида эмас, балки календарь кунларида ҳисоблаб чиқарилади. Бу таътил муддатини ҳисоблашда дам олиш кунлари, шу жумладан, якшанба кунлари ҳам киритилишини англатади.
Таътил даврига тўғри келадиган байрам кунлари эса унинг давомийлигини аниқлашда ҳисобга олинмайди (меҳнат қонунчилиги бўйича 9 та ишланмайдиган байрам кунлари бор).

















