Шанба кунига ўтар кечаси Қрим кўприги ҳудудида портлаш рўй бергани эҳтимоли ҳақида хабарлар кела бошлади. Хусусан, бир қанча телеграм-каналлар Қримнинг Ленинский районидаги Яковенково аҳоли яшаш манзили атрофида (кўприкдан жанубда) портлаш рўй бергани ҳақида хабар қилишди.

Шунингдек, кўприкдаги чироқлар ўчирилгани ва ҳаракат тўхтатилган. Бу маълумотни аннексия қилинган Қрим раҳбари маслаҳатчиси Олег Крючков ўз телеграм-каналида тасдиқлади. Шу билан бирга, у «баланд овозлар»нинг Қрим кўпригига алоқаси йўқлигини таъкидлаган. Запорижжя областининг оккупация остидаги қисмига Россия томонидан тайинланган маъмурият расмийси Владимир Рогов ҳам портлаш кўприкда эмас, унинг атрофида бўлганини айтди.

Кўп ўтмай z-блогерлар украинлар дрон Керч бўғозидаги россияликлар танкерига келиб урилганини ёза бошлади.

«Военкор» Юрий Котенок ўз телеграм-каналида Россиянинг «Сиг» танкери Керч бўғозидан 30 денгиз мили масофада украинларнинг денгиз дрони зарбасига учраганини ёзган. Котенокнинг тасдиқлашича, кема сув юзасида қолган, экипаж аъзолари омон қолган, фақат двигател бўлмасини сув босган.

Шундай маълумот «Рыбарь» телеграм-канали (1,1 млн обуначига эга бўлган энг машҳур каналлардан) томонидан ҳам эълон қилинган.

Шундан кейин Россиянинг ТАСС давлат агентлиги қутқарувчилар гуруҳи Новороссийскдан Керч бўғози томон ҳаракатланганини хабар қилди. Шу билан бирга, агентлик «қатор телеграм-каналлар»га асосланиб, номини келтирмаган ҳолда «танкерга дрон ҳужуми» ҳақида хабар берди.

Бир неча соат ўтиб ТАСС «Керч бўғозида Украина томони ҳужуми оқибатида шикастланган танкер» ҳақида ёзди – аммо ҳеч қандай манбага ҳавола келтирмаган ҳолда. Агентлик танкер номини ҳам ёдга олмаган.

Агентлик хабарида танкер олдига иккита шатакчи кема йўллангани, кеманинг машина бўлмаси шикастлангани, 11 кишидан иборат экипаж хавфсизликда экани ва ҳеч ким жабрланмагани қўшимча қилинган.

Агентликнинг шахси сир тутилган суҳбатдоши танкер «бўғоз ҳудудида, фақат унинг жанубида ҳужумга учрагани»ни айтган.