Ҳужжат билан Бухоро вилоятида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг ичимлик сув ва оқова сув хизматлари билан таъминланган даражасини ошириш, вилоят санитария-эпидемиологик ҳамда экологик ҳолатини янада яхшилаш, шунингдек, Осиё инфратузилма инвестициялари банки билан ҳамкорликни кенгайтириш вазифалари тасдиқланди.
Осиё инфратузилма инвестициялари банки билан ҳамкорликда «Бухоро вилоятининг сув таъминоти ва канализация тизимларини ривожлантириш ва модернизация қилиш (2-босқич)» лойиҳаси амалга оширилади.
Лойиҳанинг умумий қиймати 281,25 миллион АҚШ долларига тенг. Шундан 248,40 миллион АҚШ доллари миқдоридаги қарзни Осиё инфратузилма инвестициялари банки 5 йиллик имтиёзли даврни ўз ичига олган ҳолда 25 йилда қайтариш шарти билан ажратади. Дастурни амалга ошириш бўйича қолган маблағ Ўзбекистоннинг улуши ҳисобланади. Лойиҳани амалга ошириш даври 5 йил (2023-2027 йиллар) этиб белгиланди.
Ҳужжатда «Ўзсувтаъминот» акциядорлик жамияти лойиҳанинг сифатли амалга оширилиши учун зарур ташкилий-техник тадбирларнинг ўз вақтида ўтказилиши ҳамда ОИИБнинг қарзидан мақсадли ва самарали фойдаланилишини таъминлаш учун масъул ижро этувчи орган ҳисобланиши қайд этилган. Бухоро вилояти ҳокимлиги ва «Ўзсувтаъминот» билан биргаликда лойиҳанинг сифатли амалга оширилиши, белгиланган кўрсаткичларга эришилиши ва ОИИБ қарзларининг ўз вақтида қайтарилиши учун жавобгар этиб белгиланди.
Лойиҳа доирасида Бухоро вилоятининг лойиҳа билан қамраб олинмаган ҳудудларида жами 1157,2 км ичимлик сув ва 117,3 км оқова сув тармоқлари, жумладан, Жондор туманида 409,3 км, Пешку туманида 305,9 км ва Ромитан туманида 442 км ичимлик сув тармоқлари ҳамда Бухоро шаҳрида 117,3 км оқова сув тармоқларини қуриш бўйича янги лойиҳалар амалга оширилади.











