Иқтисодиёт | 12:52 / 12.08.2023
35172
8 дақиқада ўқилади

Долларнинг мустаҳкамланиши, фойда ва зарардаги компаниялар — иқтисодий таймлайн

Якунланаётган ҳафтада доллар курси 12 минг сўмдан ошди. Олтин-валюта захиралари эса кетма-кет 4-ой камайди. Айни пайтда бюджет тақчиллиги 6 фоиздан ошган. Энг кўп фойда ва зарар кўрган давлат компаниялари маълум қилинди. “Яндекс” такси атрофидаги хавотирлар: Россия ФСБ хориждаги мижозларни кузатишни бошлайдими? Ҳафтанинг энг муҳим иқтисодий янгиликлари – “Иқтисодий таймлайн”да.

Девалвация

10 август куни банкларда доллар курси 12 минг сўмдан ошди. АҚШ валютаси бир кунда 400 сўмдан ортиқроқ қимматлаб, сотув курси 12135 сўмгача етди. Сотув ва харид курслари ўртасидаги фарқ ноодатий даражада кенгайиб, ўртача 115 сўмни ташкил этди. Умуман, сўм бир кун ичида долларга нисбатан 3,5 фоизга қадрсизланди. Бу – ўтган 2022 йил давомидаги бир йиллик девалвация даражасига тенг. 2023 йил бошидан буён эса сўмнинг долларга нисбатан қадрсизланиши 7,4 фоизни ташкил этяпти.

Марказий банкка кўра, бу ҳолат Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкорлари бўлган давлатларнинг миллий валюталари сезиларли қадрсизлангани билан боғлиқ. Гап асосан рубл, лира ва юан ҳақида кетяпти. Бу ҳолат Ўзбекистонга валюта кириб келишига ва ички валюта бозоридаги таклиф ҳажмига салбий таъсир қилган. Шу сабаб расмийлар девалвацияни “фундаментал омиллар таъсиридаги тўғриланиш” деб атади. Марказий банк раиси ўринбосари Беҳзод Ҳамроев буни қуйидагича тушунтирди:

“Йил бошидан бери Россия рубли 35-38 фоизга, Туркия лираси қарийб 40 фоизга, ҳатто Хитой юани қарийб 4-4,5 фоизга (ўтган йилнинг шу даврига солиштирса 7,5 фоиз) ўз қадрини йўқотди. Бошқа давлатлар билан савдо қилганда, бизнинг курсимиз орқада қоладиган бўлса, савдода маълум бир устунликларимизни йўқотамиз: биз экспорт қилаётган маҳсулотларимиз у бозорларда қимматлашади, яъни нарх рақобатида ютқазади. Асосий савдо ҳамкорларимизда девалвация бўлаётганида, бизда курс ўзгармай туриши маълум бир номутаносибликларни келтириб чиқаради. Бунақа нарсадан жудаям эҳтиёт бўлиш керак. Чунки ҳозир номутаносиблик валюта курсида кўринаётган бўлса, эртага бошқа иқтисодий кўрсаткичларга таъсир қилиши мумкин”.

Регулятор реал самарали алмашув курси йил охиригача ва ўрта истиқболда нисбатан барқарор бўлиши, сўмнинг 2023 йилдаги девалвацияси 8,5–9,5 фоизга тенг бўлишини тахмин қиляпти. Беҳзод Ҳамроев доллар курсидаги 10 август кунги кўтарилиш ички бозордаги нархларга катта таъсир қилмаслигини айтди. Эслатиб ўтамиз, Марказий банк бошқарувининг 27 июлдаги йиғилишида ҳам йил якуни бўйича инфляция прогнози 8,5–9,5 фоиз коридорида ўзгаришсиз сақлаб қолинган эди.

Олтин-валюта захиралари яна камайди

Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари кетма-кет тўртинчи ой камайди. Расмий захиралар июл ойи давомида 72 млн долларга камайиб, 33,6 млрд долларга тушган. Бу – йил бошидан буён қайд этилган минимум кўрсаткичдир. 1 август ҳолатига Марказий банк захирасида 11,8 млн троя унция олтин ва 9,5 млрд доллар эквивалентидаги хорижий валюталар бор. Валютадаги активларнинг ҳажми рекорд даражада пасайган.

Апрел, май ва июнда ҳам олтин-валюта захиралари камайиш трендини кўрсатган эди. Шундай қилиб, 4 ойда захиралар жами 1,8 млрд долларга камайди.

Июл ойи охирида Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродов журналистларнинг олтин-валюта захиралари кетма-кет камаяётганига оид саволига жавоб бераркан, бу импорт ҳажмининг ошиши ва олтин нархининг тушиши билан боғлиқлигини айтганди. Регулятор раҳбари импортнинг ошишида хориждан табиий газ хариди алоҳида ўрин тутганини маълум қилган.

Бюджет дефицити қай даражада экани ойдинлашди

Биринчи ярим йилликда давлат бюджетининг тақчиллиги 29 трлн сўмдан ошиб кетган. Бу ҳолат иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоровнинг парламентдаги нутқидан маълум бўлди. Қўчқоровнинг айтишича, бюджет даромадлари қарийб 100 трлн сўмни, харажатлар эса 129 трлн сўмни ташкил этган. Ўртадаги фарқ қарийб 2,5 млрд долларни ташкил этади. Тақчиллик қайси манбалар ҳисобидан қопланаётгани маълум эмас.

Олти ойлик ялпи ички маҳсулот миқдори 469,9 трлн сўм бўлганидан келиб чиқилса, давлат бюджети дефицити 6,2 фоизга етгани маълум бўлади. Маълумот учун, 2023 йил учун давлат бюджети тўғрисидаги қонунда, йил якуни бўйича давлат бюджети 4,2 трлн сўм профицит билан чиқиши кўрсатилганди.

Шу ўринда, Жамшид Қўчқоров айтган рақамлар фақат давлат бюджетига тааллуқли эканини таъкидлаш керак. Давлат мақсадли жамғармалари, бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари ҳамда Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағларини ҳам ўз ичига оладиган консолидациялашган бюджет тўғрисидаги маълумотлар ҳозирча очиқланмади. Консолидациялашган бюджет тақчиллиги бу йил ЯИМга нисбатан 3 фоиздан ошмаслиги белгиланган. Аввалроқ бу лимит 5 фоизгача оширилиши кутилаётгани маълум бўлганди.

Энг кўп фойда ва зарар кўрган давлат компаниялари

2022 йилда энг кўп молиявий фойда ва зарар кўрган давлат иштирокидаги компаниялар эълон қилинди.

Ўтган йилни энг кўп фойда билан якунлаган давлат компаниялари рўйхатида “Навоий кон-металлургия комбинати”, “Олмалиқ кон-металлургия комбинати”, Миллий банк, “Навоиюран” ва “Навоийазот” етакчилик қиляпти.

Энг кўп зарар кўрган компаниялар учлигини эса энергетика корхоналари – “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари”, “UzGasTrade” ва “Ўзтрансгаз” бошқармоқда. Бу зарарлар ушбу компаниялар электр энергияси ва табиий газни ўзлари сотиб олган нархдан арзонга сотиши билан боғлиқ. Миллий электр тармоқларининг маълум қилишича, компания электр энергиясини ўртача 388 сўмдан сотиб олиб, ўртача 349 сўмдан сотади, яъни ҳар бир kW•соатдан 39 сўм зарар кўради. Ўртадаги фарқ давлат бюджетидан қопланади.

Ўтган йили катта молиявий зарар билан чиққан давлат компаниялари қаторида Ўзбекистон темирйўллари, Янги Ангрен ва Ангрен ИЭСлар ҳам бор.

“Яндекс-такси” атрофидаги хавотирлар

Ўзбекистоннинг йирик шаҳарларидаги такси бозорида катта ўринга эга “Яндекс-такси” хизмати атрофида хавотирлар пайдо бўлди. “Медуза” нашрининг ёзишича, Россия хавфсизлик хизмати “Яндекс” такси хизматининг Россиядан ташқаридаги мижозлари маълумотларини қўлга киритиши мумкин. Бу ҳолат – Россия Федерал хавфсизлик хизматига алоҳида реестрдаги такси хизматларининг базаларига кириш ваколати берилишига оид қонун қабул қилиниши билан боғлиқ.

“Яндекс”нинг такси хизмати “Яндекс Го” ва “Янго” номлари остида Россиядан ташқари Қозоғистон, Грузия, Арманистон, Беларус, Исроил, Норвегия, Финландия каби мамлакатларда фаолият юритади. Ўзбекистонга эса 2018 йилда кириб келган ва ўтган давр мобайнида мамлакатнинг 10 та шаҳрига ёйилган.

Юқоридаги хабар фонида Қозоғистонда Yandex.kz домени ўчириб қўйилди. Қозоғистон Рақамли тараққиёт вазирлиги Россия компаниясидан “ҳуқуқ-тартибот органлар ва махсус хизматлар билан алоқалари” ҳақида тушунтириш беришни сўраган. Грузия шахсий маълумотлар хавфсизлиги хизмати “Яндекс Го” сервисининг фойдаланувчилар маълумотларини қайта ишлаш жараёни қонунга мувофиқлигини текшириш учун ўрганиш ишларини бошлади. Финландия ва Норвегиянинг ваколатлари органлари “Яндекс”дан фойдаланувчиларнинг маълумотларини Россияга узатишни тўхтатишни талаб қилди.

Сервиснинг Ўзбекистондаги ваколатхонасидан Kun.uz'га маълум қилинишича, Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари фойдаланувчиларнинг Ўзбекистондаги сафарлари ҳақидаги маълумотларни “ола олмайди”, чунки хизмат Россиядан ташқарида кўрсатилади ва бу ҳолатда “Россия қонунчилиги Ўзбекистондаги хизматга ва унинг фойдаланувчиларига нисбатан қўлланмайди”.

Мадина Очилова тайёрлади
Оператор – Асрор Алмуродов
Монтажчи – Муҳиддин Қурбонов

Мавзуга оид