Шундай шароитда Германияда айрим сиёсатчилар дунёнинг энг ишончли захира омборларидан бири сифатида қаралиб келинган АҚШ ҳам эндиликда хавфсиз жой бўлмаслиги мумкинлигидан хавотирга тушмоқда, деб ёзмоқда Politico.

Германия дунёдаги энг йирик олтин захираларига эга бўлиб, уларнинг 37 фоизи — тахминан 1236 тонна ёки 113 миллиард еврога тенг қисми Ню Йоркдаги АҚШ Федерал захира тизими (Federal Reserve) омборларида сақланади. Ушбу захиралар зарурат туғилганда Германия Марказий банки (Bundesbank) учун АҚШ доллари ёки бошқа барқарор валютага алмаштириш имконини кафолатлайди.

1945 йилдан то яқингача, бу олтинлар хавфсиз жойда эмас, деган фикрнинг ўзи кулгили туюларди. Аммо Германиянинг Иккинчи жаҳон урушидан кейинги барқарор ҳаётидаги кўплаб ишончли тамойиллар сўнгги вақтларда йўққа чиқмоқда. Яқинда Германияда давлат қарзлари бўйича белгиланган чегара бекор қилингани ҳам бундай «ҳеч қачон» деган тушунчалар энди ҳақиқатдан узоқ эмаслигини кўрсатди. Айниқса, АҚШ президенти Доналд Трамп ўз ваколатларининг чегараларини кенгайтиришга тайёр экани ва суд тизими устидан президентлик устуворлигини илгари сураётгани қайд этилаётган бир пайтда.

Германиянинг Bild нашри хабар қилишича, ҳукуматни тарк этаётган Германиянинг Христиан демократлар иттифоқи (CDU) аъзоси Марко Вандервицт ҳам ушбу хавотирни билдирди.

Вандервицт 2012 йилдаёқ ушбу олтин захираларини текширишни сўраб, Германия Марказий банкини ўз олтинлари устидан назоратни кучайтириш ёки уларни Германияга қайтаришга ундаган, аммо бу уриниш муваффақиятсиз тугаган эди.

«Албатта, бу савол ҳозир яна қайта кун тартибига чиқмоқда», — деган Вандервицт Bild нашрига.

Европа парламенти депутати, CDU вакили Маркус Фербер ҳам АҚШдаги олтин захираларига нисбатан назоратни кучайтиришга чақирган.

«Германия Марказий банки расмийлари шахсан бориб, олтин қуймаларини санаб чиқиши ва натижаларни расман ҳужжатлаштириши керак», — дея унинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда Bild.

Илгари расмий омборлардаги олтин хавфсиз жойда эмас, деган ғоя кўпроқ қўрқинчли ҳайқирувчилар ва назариячиларга хос, деб қараларди. Аммо ҳозирда бундай фикрни айнан Трамп маъмуриятининг таъсирли шахсларидан бири, миллиардер Илон Маск илгари сурмоқда. У ҳатто АҚШнинг ўз олтин захираларини текширишни таклиф қилган.

Германия Марказий банки учун мамлакатнинг энг муҳим молиявий активи ҳисобланган олтин захираларини хавфсиз бошқариш — устувор вазифа. Унинг биринчи қоидасига кўра Bullion Club ҳақида гапирилмайди ва энг муҳими — бошқа аъзоларга нисбатан шубҳа ҳам билдирилмайди.