Украинада урушнинг 537-куни ўтди. Асосий маълумотлар:

  • Россия Одесса бўйлаб яна зарба йўллади. Украина ҚК Shahed русумли 15 та дрон ва «Калибр» русумли 8 та қанотли ракетани уриб туширган. Парчалар супермаркет устига тушган.
  • Белгородда дрон ҳужуми оқибатида ўн ёшли қиз жароҳат олган.
  • Украина президенти Володимир Зеленский «Қрим кўпригидаги тутун»ни Россия жиноятларига жавоб деб атади.
  • 14 август куни Москва биржасида доллар курси 100 рублдан ошди, евро курси 111 рубллик нуқтага етди. 15 август кунги навбатдан ташқари йиғилишда Россия Марказий банки асосий ставкани 12 фоизга (+3,5) кўтарди.
  • Полшада икки нафар россиялик «Вагнер ХҲК пропаганда материаллари»ни тарқатишда гумонланиб қўлга олинди.
  • Украина мудофаа вазирлиги Донецк областининг Урожайне қишлоғида «маълум ютуқлар»га эришилгани ҳақида хабар берди. У ерда РФ ҚК истеҳкомлари жойлашган.
  • Россиялик собиқ сенатор Леонид Лебедев Украина президентидан ўзига қарши санкцияларни бекор қилишни сўради.

Кун воқеаси. Одесса бўйлаб зарба

14 августга ўтар кечаси россиялик ҳарбийлар Одесса бўйлаб уч бор зарба йўллади. Одесса области ҳарбий маъмурияти вакили Сергей Братчукнинг сўзларига кўра, россияликлар аввалига дронлар билан, кейин ракеталар билан ҳужум қилган. Ҳужум нишони - шаҳар маркази бўлган. Россия кучлари 15 дона зарбдор Shahed-136/131 дронлари ва саккизта «Калибр» қанотли ракетаси қўллаган. Дронлар Одессага Краснодар ўлкасидаги Приморск-Ахтарск базасидан, «Калибр»лар — россияликларнинг Қора денгиз акваториясидаги фрегатидан учиб келган.