Ўзбекистон | 07:10 / 18.08.2023
2761
2 дақиқада ўқилади

Малайзияда одам савдоси қурбонига айланган фуқаро Ўзбекистонга қайтарилди

Ўзбекистон элчихонаси ходимлари томонидан Малайзияга ишга бориб, одам савдоси қурбонига айланган 24 ёшли Н.Э.га ватанга қайтишида амалий ёрдам кўрсатилди, деб хабар бермоқда «Дунё».

Фуқаро малайзиялик иш берувчи томонидан унинг паспорти олиб қўйилгани, иш маоши тўланмагани ҳамда унга нисбатан жисмоний босим ўтказилаётгани тўғрисида дипломатик ваколатхонага мурожаат қилган.

Унинг қонуний ҳақ-ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида элчихона саъй-ҳаракатлари натижасида Н.Э.нинг хорижга чиқиш паспорти иш берувчидан қайтариб олинди.

Малайзия ҳуқуқ-тартибот органлари фуқаро Н.Э.нинг шикоят аризаси асосида иш берувчига нисбатан жиноий иш қўзғатди. Маҳаллий суд томонидан фуқаронинг кўрсатмалари олиниб, унга Ўзбекистонга қайтишига рухсат берилди.

Мамлакат дипломатик ваколатхонаси вакиллари ва Малайзия Ички ишлар вазирлиги Миграция департаменти вакиллари кўмагида Н.Э. Куала-Лумпурдан Тошкентга қайтарилди.

Ўзбекистон элчихонаси фуқароларни Малайзияга сафар қилишдан олдин ёлғон ваъдаларга алданиб қолмасликка, осон иш топишга оид таклифларга ишонмасликка ҳамда ушбу мамлакатга кириш ва унда бўлиб туриш чоғида маҳаллий қонунчилик талабларига қатъий риоя қилишга чақирган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид