Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 6 октябрдаги 539-сон қарори билан одам савдосидан жабрланган шахсларнинг эҳтиёжларини аниқлаш ва уларга ижтимоий хизматлар кўрсатиш бўйича маъмурий регламент тасдиқланди.
Ҳужжат одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётган ҳамда жабрланган деб расман тан олинган шахсларни қамраб олади. Уларга хизматларни «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари ва ихтисослашган муассасалар кўрсатади.
Ёрдам сўраб қаерга мурожаат қилиш мумкин?
Ижтимоий хизматлардан фойдаланиш учун «Инсон» марказига, ихтисослашган муассасага, маҳалладаги ижтимоий ходимга ёки Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг 1146 қисқа рақамли ишонч телефонига мурожаат қилиш мумкин.
Регламентга кўра, мурожаат қилиш муддатлари қуйидагича:
— одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётган шахс сифатида эътироф этилгандан кейин — бир ой ичида;
— одам савдосидан жабрланган деб тан олингандан кейин — бир йилгача.
«Инсон» марказлари ёрдам сўраган шахс ва унинг оила аъзоларининг ижтимоий-иқтисодий ҳолати ҳамда хизматларга эҳтиёжини бир иш куни ичида баҳолайди.
Ҳужжати йўқлар ҳам ёрдамсиз қолмайди
Шахсини тасдиқловчи ҳужжати бўлмаган Ўзбекистон фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга ҳам белгиланган тартибда хизмат кўрсатилиши назарда тутилган.
Ҳужжатлари расмийлаштирилгунга қадар уларга шошилинч тиббий ёрдам олишда кўмаклашиш, психологик ва ҳуқуқий хизматлар кўрсатиш мумкин. Шунингдек, ҳужжатларни тиклашга ёрдам берилади ва ихтисослашган муассасаларда касбга ўқитиш курсларига жалб этилади.
Бошпана билан бирга даволаниш ва касб ўрганишга кўмак берилади
Ихтисослашган муассасаларга жойлаштирилган шахслар 6 ойгача хавфсиз бошпана, озиқ-овқат ва гигиена воситалари билан таъминланади. Реабилитация даврида зарур тиббий хизматлар тегишли ҳудуддаги тиббиёт муассасалари томонидан бепул кўрсатилади.
Ҳар бир жабрланувчининг ҳолати ижтимоий ходим, ҳуқуқшунос ва психолог иштирокида баҳоланиб, якка тартибдаги реабилитация дастури ишлаб чиқилади.















