Қирғизистон Иссиқкўл бўйида жойлашган тўрт пансионатни 49 йилга Ўзбекистонга ижарага беради. Бундай қарор қабул қилинишига расмий Бишкек АҚШдаги халқаро арбитраж судида ютқазгани сабаб бўлган. Бу ҳақда Қирғизистон президенти Садир Жапаров маълум қилди.

Қирғизистон Республикаси собиқ бош вазири Темир Сариевнинг қарори билан 2016 йил апрелида Ўзбекистоннинг Қирғизистон ҳудудидаги тўртта пансионати – «Олтин қумлар», «Роҳат НБУ», «Дилором» ва «Бўстон» миллийлаштирилиб, Қирғизистон ихтиёрига ўтказилганди. Шундан сўнг Ўзбекистон ҳукумати мазкур ҳолат юзасидан АҚШдаги халқаро арбитражга даъво аризаси билан чиқади.

Ўзбекистон томони Темир Сариевнинг ҳаракатларини собиқ СССР давлатлари ўртасида 1992 йилда имзоланган битимнинг бузилиши дея баҳолайди. Битимда собиқ совет иттифоқи парчаланиб кетганидан кейин бошқа давлат ҳудудида қолиб кетган объектлардан фойдаланиш назарда тутилган.

Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг маҳаллий «Кабар» нашрига берган интервюсига кўра, томонлар тўртта пансионатни ўзбекистонлик инвесторларга 49 йилга ижарага бериш бўйича келишувга эришган.

«Тўртта пансионат бўйича қуйидагиларни айтаман. 2016 йилда Темир Сариев бош вазир сифатида уларни тортиб олди, тўғрисини айтсам, бу кўпроқ популизмга ўхшарди. Ўшанда архив ҳужжатларини ўрганиш ва бу объектларнинг келажаги ҳақида фикр юритиш керак эди. Агар шундай ҳаракат билан халқаро судда ютқазиб қўймаслигимизга кафолатлар бўлса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Ўша йили Ўзбекистон томони Вашингтондаги халқаро судга мурожаат қилиб, 65 миллион АҚШ доллари миқдоридаги зарарни қоплашни талаб қилган.

2017 йилда Сапар Исоқов Ўзбекистон томонига мактуб йўллаб, муаммони тинч йўл билан ҳал қилиш ва тўртта пансионатни Ўзбекистон томонига қайтариш масаласини ишлаб чиқишни таклиф қилган ва даъвони қайтиб олишни сўраган. Аммо Ўзбекистон томони даъвосидан воз кечмади», деди у.

Қирғизистон президентининг қўшимча қилишича, суд жорий йилнинг май ойида Қирғизистон томони 40 млн доллардан ортиқроқ маблағ тўлаши кераклиги ҳақида қарор чиқаради.

«Уларга бу суммани тўлашга имконимиз йўқ. Шу боис, Ўзбекистон томони билан келишиб, уларни 49 йилга ижарага бериш бўйича келишувга эришдик. Ушбу пансионатлар бугунги кунда шу қадар вайронага айланганки, омборхона деб аташ мумкин.

Яқин 15-20 йил ичида уларни модернизация қилишга сармоя кирита олмаймиз, чунки бизда жуда кўп бошқа муҳим камчиликлар мавжуд. Уларни тузатмагунимизча, пансионатлар ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. Агар тўртта пансионатни сотсак, ҳеч ким 4 миллион долларга олмайди, 40 миллион доллар ҳақида-ку гапирмаса ҳам бўлади. Тўрт-беш юлдузли меҳмонхоналар қуриш 5-10 йилни олади, шунинг учун ҳеч бир давлат киритган инвестициялари ўрнини тўлдириш кафолати бўлмаса, кўп пул сарфлашга рози бўлмайди», деди Жапаров.