Аварияга двигателнинг нотўғри ишлаши сабаб бўлган. «У керагидан кўпроқ — 84 сония эмас, 127 сония ишлади», деган «Роскосмос» раҳбари Юрий Борисов. Станция бу вақтда ўз орбитасини тўғрилангани сабабли, хато ҳалокатга олиб келган — у жуда қаттиқ «тормоз олган» ва шунчаки ойга қулаган.

2023 йил 11 август куни «Восток» космодромидан учирилган станция 16 август куни 100 километр барқарор баландлик билан айланма Ой орбитасига чиқди. У 19 август кунигача ўша ерда эди.

Шундан сўнг, у муайян бир вақтда двигателларни олдинга буриши, секинлашиш ва парвоз баландлигини камайтириш учун уларни қисқа вақтга ёқиши керак эди. Орбита эллиптик бўлиши лозим эди, унинг энг паст нуқтаси ой юзасидан атиги 18 километр баландликда бўларди.

Станция бу орбитада яна бир кун бўлиб, босқичма-босқич тўғриланиши, охир-оқибат двигателни олдинга қаратиб, Ой юзасига вертикал тушиши керак эди. Қўниш олдидан, сўнгги босқичда станция двигател ёрдамида тезликни деярли нолга тушириши ва Ойга қўниши лозим эди.

Двигателнинг бир ярим баробар кўпроқ ишлаши натижасида қурилма тезлиги шунчалик пасайиб кетдики, у ой юзасига қулаб тушган.

Имкониятлар кам

Экспедициянинг охирги қисми — қўниш, мутахассислар томонидан энг қийин қисм деб ҳисобланган. Бироқ, станция бу босқичга бормасдан қулаб тушган.

Воқеа содир бўлишидан бир неча кун олдин Космик сиёсат институти раҳбари Иван Моисеев BBC нашри билан суҳбатда, агар қурилма Ойга қўнса, «демак, бу жуда омад келгани бўлади» деб айтган.

«Рельеф номаълум ва автоматлаштиришни созлаш жуда қийин. Авариялар одатда жараённинг ўзини режалаштириш ва дастурлаш билан боғлиқ бўлади. Илгари содир бўлган авариялар рельеф номаълумлиги билан боғлиқ эди ва айтайлик, станциянинг бир томони билан тошга қўниш, агар у етарлича катта бўлса, умумий муваффақиятсизликка олиб келган», деган у.

Бунгача «Роскосмос» раҳбари Юрий Борисов «Луна-25» экспедициясининг муваффақиятга эришиш эҳтимоли 70 фоизни ташкил этишини маълум қилганди. 2023 йил июл ойида ушбу миссия учун аппаратни ишлаб чиққан Лавочкин нодавлат ташкилоти уни 80 фоиз деб баҳолади. Айни пайтда россиялик астроном Владимир Сурдин РИА Новости агентлигига берган интервюсида муваффақиятга эришиш имкониятини 50 фоиз деб айтганди.

Россия сўнгги йилларда Ой миссияси муваффақиятсиз якунланган ягона давлат эмас. Тўғри, бошқа станцияларнинг авариялари бошқа босқичда — қўниш пайтида содир бўлган. Россия станцияси эса қўнишга тайёргарлик босқичида қулаб тушди.