Бу уруш бошланганидан буён биринчи марта Россиянинг бир неча ҳудудларига деярли бир вақтда дронларнинг ёппасига ҳужум қилиши бўлди. Ҳужумларда иштирок этган дронлар сони ҳозирча аниқ эмас. Етказилган зарар кўлами аниқлаштирилмоқда, аммо дастлабки маълумотларга кўра, тинч аҳоли орасида қурбонлар бўлмаган.

Псков

Псков аэропортига дронлар ҳужум қилиши оқибатида Ил-76 ҳарбий-транспорт самолётлари ёниб кетган, деб хабар беради ФВВ. ТАСС агентлиги маълумотига кўра, тўртта самолётга шикаст етказилган.

Аэропорт кун давомида фуқаролик рейсларига хизмат кўрсатмайди. Росавиация хабарига кўра, парвозларни амалга оширишда иштирок этувчи аэропорт тизимлари штат режимида ишламоқда.

Псков аэропорти ҳудудида давомли портлашлар рўй бергани ҳақида чоршанбага ўтар кечаси хабарлар кела бошлади. Кўп ўтмай ижтимоий тармоқларда ушбу ҳудуд усти ёришиб кетгани акс этган видео ҳам тарқалди.

Айрим хабарларга кўра, учувчисиз учар қурилмалардан бири аэропорт ҳудудидаги ёнилғи қуйиш компелксига келиб урилган ва ёнғин шулъаси узоқлардан ҳам кўринган.

«Аллақачон камида бешта кучли портлашлар бўлди… Вокзал ҳудуди тўлиқ ва Крест микрорайони (Псков аэропорти ҳудуди) олов ва тутун ичида қолди, ёнғин жуда кучли», — дея ёзган «Псковская губерния» телеграм-канали.

«Шаҳардагиларнинг барчаси портлашни эслатувчи ўнлаб овозларни эшитишган, аэропорт томонга кетаётган ўт ўчирувчилар ва полициячиларнинг машиналарини кўришган», — деган псковликлардан бири BBC билан суҳбатда.

Маҳаллий манбалар портлашлардан ташқари аэропорт ҳудудидан милтиқлардан узилган ўқлар овозлари ҳам эшитилганини ёзган — тахминларга кўра, дронларни шу йўл билан уриб туширишга уринишган.

«Псковская губерния»га кўра, ҳужумда камида 10 та дрон иштирок этган.

Псков аэропортида фуқаролик рейсларига ҳам, ҳарбий самолётларга ҳам хизмат кўрсатилади. Очиқ манбаларга кўра, ҳарбий аэродром қисмида Россия армияси 334-ҳарбий-транспорт авиаполки жойлаштирилган.

Псковдан Украина билан чегарагача масофа (Беларус орқали ҳисоблаганда) – тахминан 700 километр чиқади. Ҳукуматпараст телеграм-каналлар дронлар Эстония томондан учиб келганини тахмин қилган, аммо бу маълумотни тасдиқловчи бирор далил йўқ.