Россиядаги ҳарбий авиация тўғрисида ёзувчи телеграм-каналлар украин дронларининг Ленинград областига ҳужуми вақтида учувчилар ҳалок бўлгани ҳақида ёзишди. Бу маълумот ҳозирча расман тасдиқланмаган.

Тегишли маълумот Z-блогер Иля Туманов томонидан юритиладиган Fighterbomber каналида пайдо бўлган. «Бугун Санкт-Петербург осмонини дронлар ҳужумидан ҳимоя қилиш бизга жуда қимматга тушди. Жуда, жуда қимматга», – дея ёзган у ҳеч қандай тафсилотларни келтирмасдан.

«На пределе» телеграм-канали ҳам тафсилотларга тўхталмасдан учувчилар ҳалок бўлгани ҳақида ёзган. Постга Ка-52 «Аллигатор» вертолёти фотоси илова қилинган.

«Воевода вещает» телеграм-канали эса «учта вертолётнинг тажрибали экипажи», жами етти учувчи ҳалок бўлганини хабар қилган. «Военный осведомитель» канали Ка-52 ва Ми-8 русумли вертолётлар йўқотилганини тахмин қилган. «Осведомитель» хабарида эса жами учта вертолёт қулагани айтилади: иккита Ка-52 ва битта Ми-8.

Россия ҳукуматининг расмий баёнотларида украин дронларининг Кингисеппский райони Уст-Луга посёлкасига ҳужуми оқибатида портнинг уч нафар ишчиси жароҳат олгани ҳақидагина айтилган.

«Медуза» «Разбор» бўлими изоҳи

Ҳозирча РФ қуролли кучларининг йўқотишлари ва бунинг сабаблари ҳақида аниқ маълумотлар йўқ. Айрим Z-блогерлар вертолётлар украин дронларининг Санкт-Петербург атрофига ҳужумларини қайтариш чоғида Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари томонидан уриб туширилганига ишора қилмоқда. Бу урушда учувчилар бошқарувидаги учиш аппаратлари ҳалокатига «дўстона зарба» сабаб бўлиши ҳолатлари кўп учрамоқда.

Жанговар вертолётлар – узоқ масофали дронларга қарши курашда энг самарали ва кенг қўлланаётган воситалардан биридир. Ўз мобиллиги эвазига улар қуруқликда жойлашган ҳаво мудофаа тизимларидан фарқли равишда дронларнинг учиб келиш йўналишларини тўса олади.

Вертолётлар дронларни йўқ қилиш учун штатдаги авиатўплар, пулемётлар, кўчма зенит-ракета тизимлари ва тўсиб чиқувчи дронлардан (Украина ҳолатида) фойдаланади. АҚШ армияси вертолётлари эса Яман ҳусийчиларининг дронларига қарши курашда махсус ишлаб чиқилган, лазер ёрдамида бошқариладиган арзон APKWS II русумли ракеталардан фойдаланган. Бундай ракеталар Украина қуролли кучларида ҳам бор.