Жаҳон | 10:11 / 06.09.2023
6914
2 дақиқада ўқилади

Тўқаев: Қозоғистон қуролли кучлари ҳар қандай чақириқларга тайёр бўлиши керак

Қозоғистон президенти «Батил тўйтарис-2023» стратегик қўмондонлик-штаб ҳарбий машғулотларига ташрифи чоғида ҳарбийлар билан суҳбатлашди.

Фото: akorda.kz

Қозоғистон қуролли кучлари ҳар қандай чақириқларга тайёр бўлиши керак. Бу ҳақда Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев «Батил тўйтарис-2023» стратегик қўмондонлик-штаб ҳарбий машғулотларига ташрифи чоғида ҳарбий хизматчилар билан суҳбатда айтиб ўтди.

«Бугунги кунда жаҳон мудофаа тизимида кенг кўламли ўзгаришлар рўй бермоқда. Урушнинг замонавий усуллари, айниқса, гибрид турлари кенг тарқалмоқда. Ҳужумлар нафақат ҳарбий, балки ахборот, психологик, сиёсий, иқтисодий ва бошқа бўлиши мумкин. Шунинг учун Қозоғистон қуролли кучлари ҳар қандай чақириқларга тайёр бўлиши керак», — деди Тўқаев, унинг сўзлари Қозоғистон раҳбари матбуот хизмати томонидан келтирилган.

Давлат раҳбарининг фикрича, Қозоғистон армияси юқори профессионал, ҳаракатчан ва энг қийин жанговар топшириқларни бажаришга тайёр бўлиши керак. 

«Бунинг учун уни юқори технологияли қуроллар ва юқори сифатли ҳарбий техника билан жиҳозлаш, ўқ-дорилар билан тўлиқ таъминлаш принципиал аҳамиятга эга. Яқинда қилган мурожаатимда мен устувор вазифа – маҳаллийлаштириш улуши юқори бўлган ишлаб чиқариш циклини яратиш ҳақида айтдим. Зирҳли машиналар, учувчисиз учиш аппаратлари, замонавий ўқотар қуроллар – буларнинг барчасини ўзимизда ишлаб чиқаришимиз мумкин ва керак. Умуман олганда, ҳарбий-саноат мажмуаси армиямизнинг жанговар салоҳияти учун ишончли пойдевор бўлиши керак», – деди у.

«Батил тўйтарис-2023» ҳарбий машғулотларида давлат ва ҳарбий бошқарув органларининг мудофаа операциясини ўтказишга тайёрлиги текширилди. 

Машғулотларга 8000 нафар ҳарбий хизматчи ҳамда 600 дона қурол-яроғ ва ҳарбий техника жалб этилган.

Мавзуга оид