Ўзбекистон | 15:43 / 15.09.2023
18182
5 дақиқада ўқилади

«Давлат тарқатган эди, қайтаришни халқ истаяпти» — Озодбек Назарбеков кинофилмлар учун бадиий кенгаш қайтарилишини маълум қилди

Ўзбекистон маданият вазири Озодбек Назарбеков Kun.uz’га берган интервюсида кинофилм ва спектакларнинг савияси, уларга нисбатан бўлаётган кўплаб норозиликлар ҳақидаги саволга ҳам жавоб берди. Унга кўра, тушаётган кўплаб таклифлардан келиб чиқиб, кинофилмларни эфирга беришдан аввалги бадиий кенгашлар қайта ташкил қилиниши мумкин.

— Бугун Ўзбекистонда театрга тушувчи қатор мухлислар яратилаётган спектаклларнинг маънан саёзлиги, уларда кўтарилаётган муаммолар эса бугунги кун муаммоси эмаслиги, яъни бугунни акс эттирмаслиги ҳақида айтишади.

Шунингдек, телеканалларда намойиш этилаётган сериаллар масаласи ҳам шундай оғриқли. Улар маънан саёз ва ҳатто фахшни тарғиб қилади. Худдики, миллий кинофилмларимиз одамлар онгини атай саёзлаштириш учун ишланаётгандек.

Хўш, Ўзбекистон маданият вазири сифатида бу саёзликни сезяпсизми ўзи, бунинг сабаби нимада, ечимлар қандай?

Озодбек Назарбеков:

— Камчиликлар борасида фикрингизга 100 фоиз қўшиламан. Аммо бундай хуружлар эркинлик соясида бўляпти. Сизга ижод эркин бўлиши керакми, десам, албатта, ҳа, дейсиз. Ҳозирги вазиятда парадокс пайдо бўляпти. Бугунги кунда мана шундай бир-бирига зид бўлган тушунчалар пайдо  бўляпти. Шунинг учун ҳам сиз оммавий ахборот воситалари бизнинг позициямизни халққа тўғри етказиб беришларингиз керак. Эркинлик даъво қила туриб бузғунчиликни тарғиб қилишга, жамиятни издан чиқариш учун мақсадли бундай нарсалар киритилишини етказиш керак халққа ҳам, санъаткорларга ҳам. Шунинг учун Бадиий кенгашни қайтариш керак деган фикрдамиз. Давлат тарқатган эди бу кенгашни, энди халқ талаб қиляпти қайтаришни. Кўрдикки, санъат жуда эркин қўйиб юборилса ҳам бўлмайди. Ижод бу пичоқдай гап, қассобнинг қўлига тушса, қўй сўяди, жаллод эса жиноят. Етук соҳа вакилларидан иборат бадиий кенгаш бўлиши керак, бу борада ишлар олиб боряпмиз, муҳокама қиляпмиз.

Мана бир мисол, «Миллион» кулги жамоаси 15 кун концерт берса, ҳар куни заллар тўляпти. Бугунги кунда хамма нарса талабга қараб шаклланади. Ҳатто телевизорга чиқиб ёмонлайдиганларнинг баъзилари мендан ўша концертга чипта топиб беришимни сўрайди.

— Истеъмолчи ҳам бозорда борини олади-да. Масала уларга савияли маҳсулотлар тақдим этилмаётганидадир. Масалан, хорижнинг яхши-яхши кинолари чиқса, уларни киносаройларга тушиб кўришаётганига гувоҳмиз-ку.

О.Н:

— Юқорида айтганимдек, томошабин талаблари ҳам ўзгариб боряпти. Ўзим уйда ўтирганимда яхши ҳинд филмларини бериб қолишса, кўриб, кўзимга ёш келади. Шунда болаларим устимдан кулади. Улар бугунги томошабин, биз кечаги. Бугунги томошабинлар ҳайратланишни яхши кўради, ҳеч қандай маънавий озуқа бермаса-да, бир ҳайратни истайди, оддий қилиб айтганда, шоу керак уларга. Оғир, фалсафий нарсаларни қабул қилмайди. Лекин шунда ҳам маърифатга, халқ бўлиб шаклланишимизга хизмат қилувчи позициясида бўлишимиз керак.

Бугунги театрларга замонавийлик етишмаяпти. Қотиб қолган мавзулар ҳали ҳам. Мухлислар янги мавзу талаб қиляптими, шуларни яхши чиқариб берадиган ёш авлодни тарбиялашимиз керак. Бугун биз мухлислар хоҳлаган шаклда ўз сўзимизни айтишимиз керак. Шакл улар истагандек бўлар, лекин мазмун биз истаётгандай бўлиши лозим. Жамият маданиятини тўғри шакллантириш мақсадидан оғмаслигимиз керак.

Нега унда кўзга кўринадиган амалий ишлар бўлмаяпти, дерсиз. Чунки бизда замонавий мутахассислар йўқ, уларни тарбиялаш, ўқитиш керак. Дунёда театр саҳнасида юқори технологиялар ишлатиляпти. Ҳатто саҳнадан осмонга учишяпти. Техникаларни олармиз, лекин ким ишлатади, деган масала ҳам бор-да. Шунинг учун аввал мутахассислар тайёрлашимиз лозим. Бугунги семинардан мақсад ҳам шу, аслида. Керакли ижодкорларни излаяпмиз. Ўйлаймизки, яқин йилларда ўсиш бўлади, ўша даражага чиқамиз.

— Оғир бўлса-да, Ўзбекистон халқ ҳофизи Шерали Жўраев вафоти ҳақида ҳам фикрингизни билдирсангиз. Саънатимиз учун оғир жудолик…

О.Н:

— Бу инсон билан боғлиқ жуда кўп хотираларим бор. Лекин мен майда хотиралардан кўра, у инсон ким эди, ўзбек халқи учун қандай қадрли эди, деган савол бўйича фикр билдирмоқчиман. Мен Шерали Жўраев ижодини икки қисмга бўламан: мустақилликкача бўлган давр ва мустақилликдан кейинги давр.

Шерали Жўраев ижодга кириб келган пайтда миллаткўшлик пропагандаси авж олган эди. Жумладан, совет ўлкаларидаги халқларни йўқотишга бўлган катта дастур ишлаётганди.

Мана шу пропагандани чиппакка чиқарган одам Шерали Жўраев бўлади. Ўзбек миллатининг ўзбек эканини эслатиб турган бу инсон. Бу борада энг самарали меҳнат қилган одам эди шубҳасиз. Аниқ биламанки, Шерали Жўраев бу ишларини мақсадли қилган, шунчаки чиройли қўшиқ айтиш учун эмас. Устоз билан жуда қадрдон эдик биз, менга жуда кўп ва тўғри насиҳатларни берарди.

Илёс Сафаров суҳбатлашди.

Илёс Сафаров
Муаллиф Илёс Сафаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид