Маданият вазирининг биринчи ўринбосари — Кинематография агентлиги директори Жаҳонгир Аҳмедов «Ўзбекфилм» оғир молиявий аҳволга тушиб қолганини маълум қилди.

«Ҳозир ҳал қилиниши керак бўлган энг муҳим масала – «Ўзбекфилм»ни асраш ва уни гаровдан халос қилиш. Бугун «Ўзбекфилм»нинг 22,9 миллион евро миқдорида кредит мажбурияти борлигини билармидингиз? Студиянинг мол-мулки, жумладан, ер майдонлари ҳам ушбу кредит учун гаровга қўйилган. Бу ҳали ҳаммаси эмас. Солиқлардан қарийб 1 миллиард сўмликдан ортиқ қарздорлик тўплангани сабабли, киностудия балансидаги 12 та автомашина 12 кун ичида аукционга қўйилиши хавфи бор. Ходимларнинг иш ҳақлари бўйича ҳам йирик қарздорликлар шаклланган», дея ёзди у ўзининг Telegram каналида.

Аҳмедовнинг қўшимча қилишича, киностудия бир йилда камида 60 миллиард сўмлик буюртма бажармаса, ўзини сақлаб туролмайди. Яъни у амалда давлат буюртмасига қарам бўлиб қолган. Бизнес модели йўқ. Бозор механизмига тўлиқ ўтилмаган.

«Бу рақамлар ортида бир асрлик ўзбек киноси тарихи, унинг обрўси ва тақдири турибди. «Ўзбекфилм»да не-не буюк режиссёрлар, актёрлар, операторлар, рассомлар ва кино мутахассислари ўз йўлини бошлаган. Халқимиз бугун ҳам севиб томоша қиладиган кўплаб фильмлар шу ерда яратилган. Шунинг учун бугунги вазифа – студияни шунчаки сақлаб қолиш эмас. Уни тубдан ислоҳ қилиш керак», дейди Кинематография агентлиги директори.

Маълумот учун, Кинематография агентлигига 2019-2024 йилларда Фирдавс Абдухолиқов, 2024-2026 йилларда Шуҳрат Ризаев раҳбарлик қилган.