2026 йил январ ойидаги Statista маълумотлари асосида тузилган рейтингда жаҳон киноси тарихида энг кўп даромад келтирган 20 нафар режиссёрнинг умумий касса йиғимлари ҳисоблаб чиқилган. Ҳисоб-китобга 2026 йилда прокатга чиққан ва ҳали намойиши якунланмаган филмлар киритилмаган.

Рейтинг етакчиси Стивен Спилберг бўлиб, у фаолияти давомида суратга олган 37 та бадиий филм жаҳон прокатида 10,7 миллиард доллардан ортиқ даромад келтирган. Унинг энг муваффақиятли фильми «Юра даври боғи» (Jurassic Park) бўлиб, ушбу картина бир миллиард доллардан зиёд касса йиғимини тўплаган.

Спилбергнинг машҳур асарлари қаторига «Жағлар», «Ўзга сайёралик», «Оддий аскар Райанни қутқариш» ҳамда етти марта «Оскар» мукофотига сазовор бўлган «Шиндлер рўйхати» киради.



Иккинчи ўринни филмлари 9,8 миллиард доллар даромад келтирган Жеймс Кэмерон эгаллади. Унинг «Титаник», «Аватар», «Терминатор» ва «Ўзга» каби филмлари жаҳон киносида энг машҳур лойиҳалардан саналади. Айниқса, «Аватар» франшизаси Кэмероннинг асосий муваффақиятига айланган.

Рейтингда шунингдек, Marvel филмлари билан танилган Энтони ва Жо Руссо, «Узуклар ҳукмдори» ва «Хоббит» трилогиялари муаллифи Питер Жексон, «Трансформерлар» франшизаси режиссёри Майкл Бэй ҳам юқори ўринларни эгаллаган.

Таниқли режиссёр Кристофер Нолан ҳам энг кўп даромад келтирган киномуаллифлар қаторидан жой олган. Унинг филмлари жами 6,1 миллиард доллардан ортиқ касса йиғимини тўплаган. Ноланнинг энг катта тижорий муваффақияти эса Бэтмен ҳақидаги трилогиянинг якуний қисми — «Қора рицар: Афсонанинг юксалиши» филми бўлган.

Мутахассислар таъкидлашича, рейтингдаги режиссёрларнинг аксарияти энг катта молиявий муваффақиятга йирик кинофраншизалар ёки машҳур асарлар экранлаштируви орқали эришган.