Жаҳон | 09:03 / 16.09.2023
7864
3 дақиқада ўқилади

АҚШда учта автоконцерннинг заводларида иш ташлаш бошланди

АҚШнинг учта йирик автомобил ишлаб чиқарувчиси заводларида биринчи марта иш ташлаш бўлиб ўтмоқда. У 2024 йилги сайловларда президент Байден учун муаммо туғдириши мумкин. 

Фото: AP

Америка Қўшма Штатларидаги учта автомобил заводида 15 сентябр, жума куни ярим тунда United Auto Workers (UAW) автомобил ишчилари касаба уюшмаси томонидан ташкиллаштирилган иш ташлаш бошланди. UAW’нинг 150 минг аъзосидан 13 минг нафари учта концерннинг корхоналарида - Миссури ва Мичигандаги General Motors ҳамда Ford, шунингдек, Американинг Chrysler ва Jeep автомобил брендларига эгалик қилувчи Оҳайодаги Stellantis корхоналарида ишлашни тўхтатди

Касаба уюшмаси иш ҳақини 36 фоизга оширишни талаб қилмоқда 

Касаба уюшмаси тўрт йил давомида иш ҳақини 36 фоизга оширишни талаб қилмоқда. Дастлаб, UAW иш ҳақини 40 фоизга оширишни талаб қилди, чунки бу йирик автомобил ишлаб чиқарувчиларнинг топ-менежерлари даромадларининг ошишига тенг бўларди. Бундан ташқари, касаба уюшмаси 2008 йилдаги молиявий инқироздан кейин бекор қилинган айрим ижтимоий имтиёзларни тиклашни сўрамоқда. Ўз навбатида, иш берувчилар 4,5 йил давомида иш ҳақини 20 фоизга оширишни таклиф этди. 

UAW раиси Шон Фейн касаба уюшмаси талабларини юқори инфляция ва автомобил ишлаб чиқарувчилар фойдаси билан оқлади. Ford бош директори Жим Фарли CNBC телеканалига берган интервьюсида компания бундай талабларни бажара олмаслигини, чунки бу банкротликка олиб келишини айтди. Уюшма бунга жавобан Фарлига ўтган йилги даромади 21 миллион доллар бўлганини эслатди. 

Иш ташлаш Байденнинг қайта сайланишига халақит бериши мумкин 

Агар автомобил заводларида иш ташлаш узоқ давом этса, АҚШнинг умумий иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатиши мумкин, бу эса, ўз навбатида, 2024 йилги президентлик сайловларида иштирок этишни режалаштираётган президент Жо Байден учун салбий оқибатларга олиб келади. Иқтисодчиларнинг ҳисоб-китобларига кўра, бир ой давом этадиган иш ташлаш мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 0,2 фоизга қисқаришига олиб келиши мумкин. 

Иш ташлаш сабабларидан бири - Байденнинг атроф-муҳитга оид улкан режалари. UAW электр транспорт воситаларига ўтиш ички ёнув двигателли транспорт воситаларини ишлаб чиқарадиган заводларнинг кенг миқёсда ёпилишига олиб келиши мумкинлигидан хавотирда. Пайшанба куни Байден Фейн ва автомобил ишлаб чиқарувчилари раҳбарлари билан «музокаралар бориши ҳақида» гаплашди. Ўтмишда Қўшма Штатларда Оқ уй аралашуви орқали йирик, узоқ давом этган иш ташлашларнинг олди олинган. 

Мавзуга оид