15:58 / 19.09.2023
5288

Ўзбекистон ва Корея парламентлари ҳамкорлигининг истиқболлари муҳокама қилинди

Амалий ташриф билан Жанубий Кореяда бўлиб турган Сенат раиси Танзила Норбоева Миллий Ассамблея Спикери Ким Чжин Пхё билан музокара ўтказди.

Фото: Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати

Учрашувда Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги дўстлик ҳамда алоҳида стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар, айниқса парламентлараро алоқаларни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинган. Шунингдек, Ўзбекистон ва Корея ҳудудлараро ҳамкорлигини кенгайтириш, хусусан маҳаллий кенгашлар ўртасида аниқ чора-тадбирлар кўрсатиб ўтилган қўшма дастурни қабул қилиш орқали ҳудудлардаги депутатлар ўртасида яқин алоқалар ўрнатиш юзасидан ҳам фикр алмашилган.

Корея Ўзбекистоннинг Осиё-Тинч океани минтақасидаги етакчи савдо-иқтисодий шерикларидан бири ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш энг устувор вазифа ҳисобланади. Охирги 5 йилда товар айланмаси икки баравар ошган. 2022 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 23,3 фоизга ўсган ва 2,34 млрд долларни ташкил қилган.

Музокаралар чоғида 2025 йилга бориб мазкур кўрсаткични 5 млрд долларга етказиш учун катта имкониятлар мавжудлиги айтиб ўтилган. Хусусан, қатор қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, жумладан, ишлаб чиқариш корхоналарини зарур инфратузилма билан таъминлаш, ноёб металларни ўзлаштириш, шунингдек, юқори тезликда ҳаракатланиш имконини берувчи йўллар барпо этиш борасида ҳамкорликни кучайтириш лозимлиги таъкидланган.

Бундан ташқари, маданий-гуманитар алоқалар ҳам томонларнинг диққат марказида бўлиб, таълим ва кадрлар тайёрлаш йўналишларидаги қўшма дастурларни амалий мазмун билан бойитиш таклифлари илгари сурилган. 

Top